Олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун муҳим палла – тест синовлари арафасидамиз. Шундай вазиятда эса “ўқишга киритиб қўйиш”га ваъда берувчилар, шунинг ортидан даромад топишга интилаётганлар ҳам учраб трибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент тизими ходимлари шундай ҳолатларга чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирларни амалга оширмоқда.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти проректори М.Ж. фуқаро Х.Н.ни ушбу институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари пора талаб қилган.

Порани олган вақтда у Департаментнинг Кегейли тумани бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фуқаролар Б.И. ва М.И. фуқаро Ф.Б.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3,5 минг  АҚШ доллари олган.

Шу вақтда улар Департаментнинг Янгийўл тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Риштон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Б.Х. фуқаро М.А.нинг қўшни Қирғизистон Республикаси университетидаги ўқишини Фарғона политехника институтига кўчириб бериши эвазига 3,2 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро Ф.И. фуқаро Э.А.ни Қарши давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ долларини олган вақтда, шунингдек, фуқаро У.Х. фуқаро Ш.Қ.ни Қарши шаҳридаги “Абу Али ибн Сино” номидаги Жамоат саломатлиги техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1,4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўқишга киритиш эвазига пора олувчиларга қарши курашиш давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА