Мамлакатимизда жорий этилаётган хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Чет элда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўламини ошириш, иш жойларидаги муаммоларни тизимли равишда ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича зарур амалий ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиб бориш зарурати сезиляпти, дейиш мумкин.

Шу боис, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш мақсадида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юртдошларимизни ташкиллаштирилган тарзда йиғиш юзасидан халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш каби муҳим вазифалар ётибди.

Тошкентда бўлиб ўтган «Самарали миграция сиёсати: хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш» мавзусидаги сессияда соҳада амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар хусусида сўз боради. Қолаверса, сўнгги етти йил ичида меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар…

Маълум бўлишича, мамлакатга қайтиб келган ва ижтимоий ночор муҳожирларга квоталанган иш ўринлари назарда тутилган. Уларнинг бандлигига кўмаклашиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси воситалари ҳисобидан субсидия ва грантлар шаклида молиявий ёрдам бериш хизмати ҳам жорий этилган.

Сўнгги етти йилда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш мақсадида республикамизда юридик шахсларга Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш, уларнинг касбий малакасини ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди. Меҳнат мигрантларини касбга ва чет тилларга ўқитиш йўлга қўйилди.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳам ташкил этилган. Хорижга йўл олган меҳнат мигрантларига кетиш ва ишга жойлашиш харажатларини қоплаш учун микро-қарз бериш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун субсидия ажратиш йўлга қўйилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия, Корея, Туркия ва Қозоғистонда 19 та ваколатхонаси ҳамда вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган.

Мазкур соҳани ривожлантиришнинг энг муҳим омиллардан бири — “Меҳнат миграцияси бўйича халқаро форум” ўтказиш амалиёти жорий этилди.

Натижа қандай?

Россия, Корея, Исроил, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Қозоғистон давлатлари, Халқаро миграция ташкилоти билан ҳукуматлараро 11 та ҳамда Россия, Корея, Япония ва Исроил давлатлари билан идоралараро 11 та битим тузилди.

32 та хорижий давлатнинг 536 иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича шартнома, еттита хорижий давлатнинг ваколатли ташкилотлари билан 27 та меморандум имзоланди.

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган 131,3 минг нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга ва чет тилларида ўқишга жалб қилинди.

Хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг 593,7 минг нафарига турли имтиёзли хизматлар кўрсатилган.

Жумладан: субсидия ҳисобига 324 минг фуқаронинг, имтиёзли нархларда 80,3 минг фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди.

Хорижга кетиш ва ишга жойлашиш ҳужжатларини расмийлаштириш харажатлари учун 7 728 нафар фуқарога микроқарз ажратилди. Шу вақтга қадар Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома учун Москва шаҳридаги “Кўп тармоқли миграция маркази” ва “Паспорт-виза хизмати” марказлари томонидан 10 869 нафар фуқаронинг ҳужжати Ўзбекистонда расмийлаштирилди.

Иш берувчилардан меҳнат мигрантларининг иш ҳақи, компенсация ва суғурта пуллари ундириб берилган. Шунингдек, 806,6 минг нафар фуқарога дипломатик ваколатхоналар, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Call-маркази”, филиаллари, ваколатхоналари томонидан ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатилган.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади