Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида жорий йил 24 июль кунидан бошлаб 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёнларида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ҳамда шаффоф ўтиши жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шу билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.

Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли таълим муассасаларидан, жумладан, Бухоро, Наманган ва Қарши давлат университетлари, Шаҳрисабз, Қўқон давлат ҳамда Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтларидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар бириктирилган. Улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги одилона баҳоланиб, тўплаган баллари ўша пайтнинг ўзида маълум қилинмоқда.

–Бугун қизим институтнинг мусиқа таълими йўналишида ижодий имтиҳон топширмоқда. Унинг шу соҳага бўлган қизиқишини кўриб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Қизим мусиқа сирларини ўрганиб, олий маълумотли бўлиб, етук кадр бўлишни ўз олдига мақсад қилган. Имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганлигини тўғридан-тўғри томоша қиляпмиз, – дейди Қўнғирот туманидан келган абитуриентнинг онаси Дилафруз Айимбетова.

–Жисмоний маданият таълим йўналишига ҳужжат топширдим ва бугунги имтиҳонда ўзимнинг жисмоний ҳамда руҳий тайёргарлигимни намоён этишга ҳаракат қилдим. Ўтган йилларда ҳам олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, кира олмаган эдим. Бу йил устозларимиз билан яхши тайёргарлик кўриб, имтиҳонда ҳам яхши натижаларга эришишга ҳаракат қилдим. Имтиҳон адолатли ўтяпти. Чунки, барча абитуриентларга ўз натижалари ўша пайтнинг ўзида, ҳеч қандай тўсиқларсиз маълум қилинмоқда, – дейди Қораўзак туманидан Женисбай Турғанбаев.

Институтда бакалавриатнинг мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонлар 29 июлдан бошланиши режалаштирилган. Касбий (ижодий) имтиҳонлар 1 августгача давом этади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА