Ипотека-банкдан янги хизмат: мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида валюталарни мобил иловалар орқали сотиш йўлга қўйилди

Ўзбекистонда янги босқичда, халқчил руҳда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда банк тизимида ҳам янги механизмлар жорий этилиб, бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, фуқароларга кўрсатилаётган замонавий хизматлар турлари кенгайиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик таъминланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қарор ижроси юзасидан молия-банк тизимида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, айниқса, ҳудудларда риоя этиш ҳамда молия бозорини ривожлантириш, шунингдек, хизмат кўрсатиш маданияти ва аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018 йил 1 апрелдан эътиборан жисмоний шахслар учун хорижий валютани нақд кўринишда ечиб олиш механизми амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири бу борадаги амалий ишлар билан танишиш мақсадида республикамиздаги нуфузли молия муассасаларидан бири – “Ипотека-банк” АТИБда бўлиб, банк тизимини ислоҳ қилиш, мижозларга замонавий банк хизматларини тақдим этиш борасида олиб борилаётган ишлар, амалий натижалари билан яқиндан танишди.
– Ҳозирда банкимиз томонидан мижозларга замонавий банк хизматларини тақдим этиш мақсадида хизмат кўрсатишнинг универсал шакли тажриба сифатида қўлланилмоқда. Таъкидлаш мумкинки, дастлабки натижаларнинг ўзиёқ мижоз ва банк ўртасидаги муносабатларнинг янада яқинлашганидан далолат бермоқда. Банкимизда мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида 1 апрелдан «Ипотека-банк»нинг мобил иловаси орқали VISA халқаро тўлов карталарига хорижий валютани эркин айирбошлаш имконияти яратилди, – дейди “Ипотека-банк” АТИБнинг Валюта айирбошлаш амалиётлари махсус бошқармаси бошлиғи Баҳром Отабеков. – Бунинг учун мижоз номига “Ипотека-банк”нинг исталган филиалида миллий валютадаги сўм пластик ва VISA халқаро тўлов картаси очилган бўлса кифоя. Айтиш мумкинки, мижоз ариза берганидан сўнг VISA халқаро тўлов картаси 1 кун давомида тайёр бўлади.
Ҳозирда «Ипотека-банк»нинг барча филиалларида конверсион амалиётлар бўлимлари мижозларга самарали хизмат кўрсатмоқда. Бу бўлимларда жисмоний шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга VISA халқаро тўлов картасини очиш ва уларга ҳеч қандай чекловларсиз, қисқа фурсатларда валюта маблағлари сотиш ва сотиб олиш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда «Ипотека-банк» тизимида 70та валюта айирбошлаш шохобчаси қонунчиликда белгиланган тартиб асосида валюта маблағларини қабул қилмоқда. Шохобчалар валюта айирбошлаш терминаллари билан таъминланган бўлиб, улар орқали жисмоний шахслар халқаро тўлов карталарига (VISA) сотиб олинган хорижий валютани нақд кўринишда ечиб олиш имкониятига эга.
Ҳозирда ҳар бир жисмоний шахс, хусусан, юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар халқаро тўлов карта орқали 1 кунда 5 минг долларгача бўлган маблағни нақд кўринишда нафақат ечиб олиши, балки ўз маблағларини мобил иловалар орқали «Ипотека-банк» “электрон ҳамён”ларидан фойдаланиб масофадан туриб бошқариши ҳам мумкин. Мазкур амалиётлар бошқа банк мижозлари учун ҳам бирдек қўлланилади. Бу учун VISA тизимида ишлайдиган карта бўлса етарли. Бундан ташқари, фуқаролар хорижий валютани нақдлаштиришда, хоҳишига кўра, сўм кўринишда ҳам олишлари мумкин.
«Ипотека-банк» Меҳнат филиалининг валюта айирбошлаш шохобчасидамиз. Бу ерда мижозларга юқори сифатли хизмат кўрсатилаётгани шоҳиди бўлдик. Ходимлар хушмуомала, намунали касбий маҳоратга эга эканлиги мижозлар билан суҳбатида ҳам билиниб турибди.
– Мана бир неча йилдирки, «Ипотека-банк» мижозиман. Айтиш мумкинки, кун сайин банк хизматлари янада такомиллашиб бормоқда, – дейди Тўйчиев Исмоил. – 200 АҚШ доллари керак бўлиб қолди. Бу ерга келдим ва ҳеч қандай муаммоларсиз қисқа фурсатларда ечиб олдим. Банкда яна бир янгилик жорий этилганини эшитиб янада хурсанд бўлдик. Бу мобил илова орқали доллар сотиб олиш имконияти. Тўғриси ундан қандай фойдаланишдан хабарим йўқ эди. Ҳозиргина банк ходимлари бу ҳақда менга тўлиқ тушунтириш берди. Уйда туриб ҳам сўм пластик картамдаги маблағни VISA халқаро тўлов картамга доллар кўринишида ўтказишим мумкинлиги ҳақида атрофлича маълумотлар беришди.
«Ипотека-банк»нинг изланувчан жамоаси тизимга креатив ёндашади. Инновацион ғоялар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Биз бу ҳақда янада кўпроқ билиш мақсадида банк мутахассисига юзландик.
– Юртбошимизнинг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фаолиятимизнинг бош мезони, – дейди Б.Отабеков. – Банкимизнинг Тошкент шаҳар филиалида республикада биринчилардан бўлиб янги тизим жорий этдик. Бунда мижозларимизга бир жойнинг ўзида ортиқча оворагарчиликсиз барча турдаги банк хизматлари кўрсатилади. Яъни мижоз электрон навбат орқали чақирилади ва битта ходим универсал тизимда барча саволларига жавоб бериб, тегишли консультатив ёрдам ва хизмат кўрсатади.
Банк фаолиятида яна бир муҳим янгилик – “Ипотека-банк” АТИБнинг Миробод мини-банки фаолияти билан боғлиқ. Бу ерда 15 соатлик иш тизими йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Эндиликда мазкур мини-банк мижозларга 8:00 дан 23:00 гача узлуксиз тартибда хизмат кўрсатади.
Дарҳақиқат бу ерда амлга оширилган ислоҳотлар таҳсинга лойиқ. Яхшиси, бу ҳақда навбатдаги мақоламизда батафсил маълум қиламиз.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА