Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC) июль ойи учун янгиланган рейтингни эълон қилди. Ундан боксчиларимиз ҳам ўрин олди. Жадвалга супер енгил вазн тоифасидаги боксчимиз Мужибилло Турсунов илк бор киритилди ва 39-ўринни эгаллади.
Рейтингда супер оғир вазн тоифасида фаолият олиб бораётган Баҳодир Жалолов ўтган ойдаги ўрнидан бир поғона юқорилаб, 16-ўринни эгаллаган бўлса, супер ўрта вазн тоифасида (76,2 кг) Бектемир Мелиқўзиев ўтган ойдаги каби 19-ўринда қолди.
Супер ярим ўрта вазнда (69,8 кг) Исроил Мадримов ўтган ойдагидан бир поғона пастлаб, 6-ўриндан жой олди. Ярим ўрта вазн тоифасида (66,6 кг) Шаҳрам Ғиёсов 4 поғона кўтарилиб, 16-ўринни эгаллади. Жаҳонгир Расулов эса ўтган ойдагига нисбатан 2 поғона юқорилаб, 29-ўринни банд этди.
Шунингдек, супер енгил вазнда (63,5 кг) Шоҳжаҳон Эргашев 15-ўринда қайд этилди. Ботир Аҳмедов бир поғонага пастлади – 31-ўрин. Ярим енгил вазн тоифасида (57,1 кг) Отабек Холматов 10-ўринни, биринчи ярим енгил вазнда (55,3 кг) Муроджон Аҳмадалиев ўтган ойдаги сингари 4-ўринни эгаллади.
Биринчи ўта енгил вазн тоифасида (48,8 кг) рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўсматов ўтган ойдаги ўрнидан бир поғона кўтарилиб, 7-ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА