Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

— Мамлакатимизда гидрометеорология хизматини ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ гидрометеорологик кузатувлар олиб бориш, кузатувлар ва ўлчовларнинг ягона давлат тизимини шакллантириш, атроф табиий муҳитининг амалдаги ва прогноз қилинаётган ҳолати, ифлосланиши тўғрисидаги ахборотлар олиш, гидрометеорология соҳасида тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди Спикер ўринбосари Х.Ғаффоров. — Мазкур соҳага оид “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, мазкур ҳужжат билан кузатувлар олиб бориш, гидрометеорологик ахборотни йиғиш, унга ишлов бериш, уни таҳлил қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш, гидрометеорологик ахборот давлат фондини ташкил этиш масалалари батафсил тартибга солинди. Ўтган даврда гидрометеорологик кузатувлар сон ва сифат жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланди. Аҳолига кутилаётган об-ҳаво шароитлари, атроф табиий муҳитининг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборотлар, шунингдек, хавфли ҳодисалар тўғрисидаги тезкор огоҳлантиришлар бериб борилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2022 йилда 450 марта қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари, 1512 марта аэродромлар бўйича об-ҳаво прогнозлари, 9 марта хавфли метеорологик ҳодисалар юзасидан шошилинч ахборотлар, 26 марта Чимён табиий ҳудуд чегараси ва Қамчиқ довони бўйича қор кўчки хавфи огоҳлантиришлари, 71 марта атроф табиий муҳитининг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилган. Жойларда 117 та метеостанциялар мавжуд бўлиб, ўтган йилларда 40 та автоматик метеостанциялар, шунингдек, 6 та автоматлашган атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги станциялари ўрнатилиб, синов тариқасида ишга туширилган.

Кузатув тармоғида 5 та метеорологик ва агрометеорологик станциялар, 2 та агрометеорологик постлар ҳамда 2 та қор кўчки станциялари фаолият бошлаган. Шу билан бирга халқаро лойиҳалар доирасида 2021 йилда 51 та, 2022 йилда 12 та ҳамда 2023 йилда 40 та янги замонавий автоматлаштирилган агро ва метеостанциялар ўрнатилган.

Гидрометеорологик маълумотларнинг ягона интерактив data.meteo.uz очиқ портали ишга туширилган бўлиб, ушбу портал орқали Ўзбекистон Республикаси бўйлаб жойлашган автоматик метеостанциялар маълумотларини реал вақт режимида кузатиб бориш имкони яратилган.

Гидрометеорология фаолиятининг кузатувлар тармоғи, авиация, атроф табиий муҳит мониторинги йўналишларида жаҳон стандарти талабларига мос бўлган давлат стандартлари ва техник регламентларнинг 39 таси республикада рўйхатдан ўтказилиб, фойдаланишга жорий этилган.

Йиғилишда соҳадаги ишлар таҳлил қилинар экан, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг тегишли нормалари ваколатли давлат органи томонидан тўлиқ ижро этилаётгани қайд этилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА