Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Турк дунёси фотографлари учрашуви» маърифий лойиҳаси ўтказилди.
Шу йилнинг 30 июнь куни старт олган маърифий лойиҳада 14 та туркий давлатдан 21 нафар фотограф иштирок этди.
Туркий тилли давлатларнинг фотомусаввирлари қарийб йигирма кун давомида мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлиб, туристик манзиллар, диққатга сазовор масканлар, тарихий обидалар, миллий анъана ва қадриятларимизни суратга олдилар.
Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган фотокўргазмани ушбу ижодий лойиҳанинг сарҳисоби аташ мумкин.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов Ўзбекистонда ТУРКСОЙ платформаси доирасида бири-биридан қизиқарли лойиҳалар, кўргазма, ижодий марафонлар, танлов, фестиваллар ўтказилаётганини таъкидлади.
Кўргазмадан жой олган фотосуратларда туркий тилли давлатлар ижодкорларининг Ўзбекистонга меҳри акс эттирилган.
Н.Усмонова, ЎзА