Пойтахтимизда бир ҳафта мобайнида волейбол бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Марказий Осиё чемпионати поёнига етди.

Мусобақанинг қизлар ўртасидаги финал баҳсида Ўзбекистон ва Қозоғистон жамоалари куч синашди.

Қизиқарли кечган ўйинда қўшниларимиз 3:0 ҳисобида ғалабага эришди ҳамда шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллади. Иккинчи ўрин Ўзбекистон-1 жамоасига насиб этган бўлса, Ўзбекистон-2 қизлар жамоаси 3-ўрин билан кифояланди.

Йигитлар ўртасидаги финал баҳсида Покистон жамоасини 3:2 ҳисобида доғда қолдирган Эрон вакиллари чемпионликка эришди. Эрон волейболчиларига ярим финалда имкониятни бой берган Ўзбекистон терма жамоаси йигитлари бронза медалларини қўлга киритди.

Тошкентда волейбол бўйича мусобақалар энди қитъа миқёсида давом этади.

22-29 июль кунлари 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати қитъанинг энг кучли волейбол жамоалари номига аниқлик киритиб беради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақаларда 20 тага яқин мамлакат терма жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА