Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури лойиҳаси раҳбари Кристоф Копецки билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилангани таъкидланди.
Шу ўринда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, дунё стандартларига уйғун судлов тизимини яратишда халқаро ҳамкор ташкилотларнинг кўмаги муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар қаторида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ушбу лойиҳа доирасида ўтган икки йил давомида судьялар учун бир нечта хорижий хизмат сафарлари ташкил этилиб, ўзаро ҳамкорликда суд-ҳуқуқ соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган семинар ва тренинглар ўтказилди.
Учрашув давомида Олий суд ва “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” минтақавий дастури ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги амалий ҳамкорлик самарали давом эттирилиши айтиб ўтилди. Бу Ўзбекистон суд тизимини янада мустаҳкамлаш йўлида ўз натижасини беришга ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА