АҚШ Давлат департаменти Германияга қиймати 2,9 миллиард долларга баҳоланган “AMRAAM” “ҳаво-ҳаво” тоифали ракета ҳамда шундай қуролга ишлатиладиган жиҳозлар сотиш бўйича таклифни маъқуллади.

Пентагоннинг Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича агентлиги хабарида таъкидланишича, Германия ҳукумати АҚШдан 969 дона ракета ҳамда зарур ўқ-дори харид қилиш истагини билдирган. Мазкур буюртманинг бош пудратчиси сифатида “Raytheon” компанияси эълон қилинди.

АҚШ ҳукумати ушбу келишув ҳақида аллақачон Конгрессни хабардор қилган. Қонун чиқарувчи идорага ҳужжатни ўрганиш ва тегишли қарор чиқариш учун 30 кун муҳлат берилади.