Спорт мусобақалари орасида нуфузи жиҳатдан Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган Универсиада мусобақаларига қизиқиш жуда юқори. Айтиш лозим, Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари Халқаро талабалар спорти федерацияси раҳбарлигида 1959 йилдан ўтказиб келинмоқда. Ҳозирги кунда Халқаро талабалар спорти федерациясига 174 та миллий федерация ва ассоциациялар аъзо ҳисобланади.

Жорий йилнинг 28 июль – 9 август кунлари Хитойнинг Чэнду шаҳрида ўтадиган ХХХI Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари айни пайтда жаҳон спорт жамоатчилигининг диққат марказида турган муҳим комплекс мусобақалардан бири саналади.

Халқаро талабалар спорти федерацияси маълумотига кўра, бу галги ўйинларда 110 дан ортиқ давлатнинг 5000 нафардан зиёд талаба-спортчилари 18 та спорт тури бўйича баҳслашиши режалаштирилган.

Хўш, мазкур ўйинларда мамлакатимиз вакиллари нечта спорт турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади? Кутилаётган натижалар қандай бўлади?

Ўзбекистон Талабалар спорти ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси аъзоси Эркин Қодировнинг билдиришича, мазкур комплекс мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегацияси 7 та спорт турида қатнашади. Иштирокчи спортчилар сони 77 нафарни ташкил этмоқда.

Юртимиз спортчилари Хитойда ўтадиган Универсиада ўйинларида дзюдо, таэквондо, теннис, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, қиличбозлик, ушу спорт турларида ғолиблик учун майдонга чиқади.

Талаба-спортчиларимиз орасида жаҳон ва қитъа чемпионлари, халқаро турнирлар совриндорлари борлиги натижалар юқори бўлишига қаратилганидан дарак беради.

Бундан беш йил муқаддам “Неапол-2019” Универсиада ўйинларида Ўзбекистон талаба-спортчилари 3 та спорт турида 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлиб, 112 та давлат орасида 18-ўринни эгаллаган эди.

Италия спорт майдонларида кечган Универсиада баҳсларида теннисчиларимиз 2 та олтин, 1 та кумуш, таэквондочиларимиз 1 та кумуш, дзюдочиларимиз 4 та бронза медалини қўлга киритган.

Бу йил бўладиган Универсиада ўйинларида эса мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган режа-дастурга мувофиқ, мамлакатимиз талаба-спортчилари Ўзбекистон спорт салоҳиятини кўрсатишни ният қилмоқда.

Таъкидлаш керак, “Чэнду-2021”да кутилаётган ҳолат “Неапол-2019”даги вазиятдан тубдан фарқ қилиши табиий. Зотан, спорт турларидаги умумий об-ҳаво олдинги кўринишдан ўзгача. Режа ва мақсадлар амалий натижа билан мутаносиб бўлиши ҳар бир спорт туридаги талаба-спортчиларимизнинг имкониятлари, уларнинг халқаро мусобақаларда эришаётган кўрсаткичларига боғлиқ, албатта.

Хитойда бўладиган Универсиада ўйинларида совриндор бўлиши кутилаётган спорт турлари сафига спорт гимнастикаси, енгил атлетика, қиличбозлик ва ушу каби спорт турлари қўшилди. Бу, Ўзбекистон талаба-спортчиларининг қамрови янада кенгайганлигидан далолатки, спорт турлари географиясининг кенгайиши, иштирокчилар сафининг ортиши ютуқлар прогнозидаги ўсишга хизмат қилмоғи лозим.

Яна бир эътиборли жиҳат. Чэндуда ўтадиган Универсиада ўйинлари иштирокчилари бу гал мамлакатимизнинг 19 та олий таълим муассасалари талабалари орасидан шакллантирилгани ҳам талабалар спортида адолат ва шаффофлик тамойиллари кенг жорий этилаётганлигидан далолат бериб турибди.

 

Тўлқин Рўзиев,    

ЎзА