Шу йилнинг май-июнь ойларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги олий таълим муассасалари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан мазкур ўрганиш якунларига бағишланган эшитув ўтказилди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Эшитувда таъкидланганидек, олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида расмий телеграм бот ташкил этилди. Ишонч телефони ва anticor@edu.uz электрон почта фаолияти йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларининг ўқув биноларида “Адолат қутилари” ўрнатилди.

Шунингдек, хориждан ўқишни давлат олий таълим муассасаларига кўчиришни Давлат тест маркази орқали амалга ошириш тартиби йўлга қўйилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ходимларининг малака ва кўникмаларини ошириш, уларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида масофавий малака ошириш курслари ташкил этилиб, тингловчиларга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан сертификатлар топширилди.

Соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ўз ечимини кутаётган айрим масалалар борлиги ҳам аниқланган. Масалан, олий таълим тизимидаги бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга шароит яратувчи нормалар ўз вақтида бартараф этилмаган.

Ўрганилган олий таълим муассасаларида мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ҳолатлар аниқланган. Айрим олий таълим муассасаларида бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлаш ҳолатлари аниқланган. Баъзи олий таълим муассасаларида эса давлат харидларига оид қонун талаблари бузилган.

Шунингдек, олий таълим муассасаларидаги баъзи мансабдор шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилганлиги аниқ кўриниб турган бўлсада, улар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилмасдан қолган.

Эшитувда депутатлар вазирлик тизимидаги қонунчилик ҳужжатларидаги коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш борасида жамоатчилик ва аҳоли билан доимий қайта алоқа қилиш тизимини йўлга қўйиш, тизимда “комплаенс назорат” бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўриш, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.

Тизимдаги камчиликларни бартараф этиш таълим ривожига хизмат қилиши қайд этилди.

М.Комилова, ЎзА