Хитойнинг биринчи қайта учириладиган космик кемаси 2027 йил тайёр бўлади. ХХРнинг очиқ коинотга чиққан биринчи тайконавти Ян Ливэй шундай ишонч билдирди. Фазогирнинг сўзларини “The South China Morning Post” нашри келтирган.

Мутахассис фикрича, кема “келажакда Хитой фазо станциясини қуриш ва Ойга қўнишни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди”. Қурилма етти нафар тайконавтни олиб учиш имконига эга бўлади. Кема Ерга яқин орбитада парвоз қилиш ҳамда коинотни чуқур ўрганиш учун мўлжалланган, деб ёзади газета.

Тўлиқ ўлчамли прототип 2020 йил ракета ташувчи “Long March 5” кўмагида 67 соатлик синов парвозини муваффақиятли амалга оширган, дейилади хабарда. Хитой 2030 йил Ойга тайконавт юбормоқчи.