Россиянинг Москва вилоятида жойлашган “Виват Россия” от спорти клубида ўтган халқаро мусобақада мамлакатимиз чавандозлари эътиборли натижаларга эришди.

Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан сара чавандозлар иштирок этган нуфузли турнирнинг 145 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида Азам Толиббоев “Bozart De Ruet” лақабли тулпорида иккинчи, Бекзод Қурбонов эса “Matts” билан учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг 125 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраш йўналишида Баҳромжон Газиевга (“Леди”) тенг келадигани топилмади.

Мусобақанинг сўнгги кунида Жокер билан 110 смдан сакраш йўналишида Ҳумоюн Абдуллаев “Golden star” тулпори билан учинчи ўриндан жой олган бўлса, 130 сантиметр тўсиқдан иборат ўрта айлана дастурида Хуршидбек Алимжонов “Chempions Ligas” билан энг яхши натижани қайд этди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА