Мамлакатимиздаги қобилиятли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган Президент мактабларида ўқиш истагини билдирган талабгор ўқувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, республика миқёсида Президент мактабларига қабул қилинган ҳужжатлар бўйича битта ўринга ўртача 169 та номзод тўғри келмоқда.

Маълумки, агентлик тизимидаги Президент мактабларига 2023/2024-ўқув йили учун ҳужжатлар қабули жараёни жорий йилнинг 10 июнидан 30 июнь кунига қадар давом этди. Президент мактабларига жами 56 минг 745 та ҳужжат қабул қилинди ва 2023/2024 ўқув йили учун кириш имтиҳонларининг дастлабки босқичи бўлиб ўтди.

Ижтимоий тармоқларда Президент мактабларига кириш имтиҳонларида жорий йилда Cambridge University Press&Assessment халқаро ташкилоти мутахассислари иштирок этмагани ва биринчи босқич имтиҳонларида саволлар такрорий қўлланилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳабарлар юзасидан Cambridge University Press&Assessment халқаро ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стеве Кинг қуйидагиларни маълум қилди:

–Ташкилотимиз 2019 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб келади ҳамда имтиҳон саволларини тайёрлаш ва ўқувчиларни саралашда, натижаларни эълон қилиш жараёнларида ҳам иштирок этади.

Ҳар йили Ўзбекистонда минглаб талабгорлар 14 та ҳудуддаги Президент мактабларига кириш учун беллашади. Бу йилги имтиҳонларнинг 1-босқичи учун ҳам 8 та турли хил вариантлардаги саволлар ишлаб чиқилди. Бунда саволларнинг такрорланмаслиги ва ҳар сменада ҳар хил саволлардан фойдаланган ҳолда шаффофликни таъминлашга интилдик.

Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, бу йилги Президент мактаблари қабул имтиҳонларида ҳам Cambridge University Press&Assessment халқаро ташкилоти ходимлари иштирок этди. Юқорида тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз.

Бизнинг ташкилотимиз қабул имтиҳонлари билан боғлиқ ҳамкорликдан мамнун ва ишонаманки, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этади, – деди Стеве Кинг

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА