Озиқ-овқат соҳасида учрайдиган муаммолар орасида муҳимлиги жиҳатидан шакар ажралиб туради. Ҳозир ҳам халқаро бозордаги манипуляция туфайли шакар нархи ошиб, танқислик юзага келган.

“DNEXT Intelligencye” компанияси таҳлилчиси Жон Стансфилд оқ шакарга талаб кучлилигидан ҳали ёпилмаган шартномалар асосида 880 000 тоннадан зиёд шакар етказиб берилиши кераклигини таъкидлаган.

Bloomberg” маълумотига кўра, шакар нархи йирик мамлакатлардан экспорт чекланиши ортидан кўтарилди.

Кўп йиллик кузатувчи Сорен Женсен қайд этишича, оқ шакарнинг энг йирик экспортчиларидан бири ҳисобланган Ҳиндистондан, деярли, тугаган квота туфайли жўнатма кам, тез орада ўсишдан ҳам реал умид йўқ.

Италияда ҳосил камайиб бораётгани сабабли, таклиф миқдори ҳам пасаймоқда. Шунинг учун, эртами-кеч, хавфли танқислик пайдо бўлади.

Нарх кўтарилиши қандолат маҳсулотлари нархига кескин таъсир қилади ва озиқ-овқат инфляциясини кучайтиради. Шунинг учун шакар ўрнини босувчи маҳсулотларни тарғиб қилиш ва оддий усулда истеъмолчига етказиш йўлини қидириш керак.

Мутахассислар шакар ўрнини босувчи ширин, аммо фойдали маҳсулотлар борасида  қуйидаги тавсияларни беради.

Стевия – Жанубий Америкада ўсадиган ўсимлик баргидан олинадиган табиий ширинликни спортчилар, моделлар ва қоматига бефарқ бўлмаганлар яхши кўради. Калориясиз ҳисобланган ушбу маҳсулотни чой, қаҳва, ширинлик ва бошқа таомларга қўшса бўлади. 100 фоиз табиий ҳисобланган стевия организм учун зарарсизлиги билан ўзига хос.

Яна бир маҳсулот – Ернок қиёми. Кўриниши картошкани эсга соладиган, таъми гул асалиникига ўхшаш қиём тайёрланадиган бу маҳсулот таркибида модда алмашинувини яхшилайдиган пектин ва органик кислота мавжуд.

Шакар ўрнини босувчи яна бир мева – хурмо қиёми фойдали витамин, калий, магний ва фосфорнинг кони. Хурмонинг ўзи ҳам табиий шакар ўрнини босади. Шу билан бирга бўтқа ёки смузига қўшиш айни муддао бўлган хурмонинг гликемик кўрсаткичи юқори эканини ҳам унутмаслик керак.

Қайин ёки маккажўхоридан олинган шакар спирти – Ксилитолнинг калория таркиби тозаланган шакарга қараганда анча паст ва тиш соғлиғини яхшилайди, организмга кальций сўрилишида ёрдам беради. Бундан ташқари, қондаги қанд миқдори ёки инсулинни кўпайтирмаслик хусусияти бор. Бинобарин, ксилитолни кўп истеъмол қилиш ҳазм тизимида муаммо пайдо қилиши мумкин. Демак, бунда ҳам меъёрни унутмаслик керак.

Эритритол – бошқа хил шакар спирти. Бу табиий равишда баъзи озиқ-овқат турларида учрайди. Тижорат мақсадида, одатда, пюреси ачитилган маккажўхори ёки буғдой крахмалидан тайёрланади. Калория таркиби шакарга ва шакар ўрнини босувчи моддаларга нисбатан анча паст. Эритритол инсулинни, қондаги қанд миқдорини кўпайтирмайди, соғликка ҳеч қандай зарар етказмайди.

Экспертлар фикрича, шакар ўрнини босувчи бошқа табиий маҳсулотларга ўтилмас экан, дунёда шакар нархи ошиши тўхтамайди.

Г.Сатторова

ЎзА