Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 июлдаги “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, Марғилон шаҳрида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади. Шунингдек, ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида “Хуш кайфият” республика кўрик-танлови ҳамда аския кечалари, ҳар икки йилда бир марта “Табассум” халқаро кулги фестивали ўтказилади.

Ижодий жамоалар ва ёзувчи-драматурглар томонидан биргаликда яратилган ҳажвий асарларни саҳналаштириш ва аҳолига хуш кайфият улашишга қаратилган концерт-томоша тадбирлари фаол қўллаб-қувватланади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи ҳамда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида “Аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши очилади.

– Аския топқирлик, ҳозиржавоблик, нозик дид ва маданият, сўзамоллик, теран билим ва самимият билан томошабинни кулдириш демакдир. Не бахтки, аския фақат ўзбек халқ оғзаки ижодигагина хос. 2014 йили аския инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритилганлиги эса мазкур сўз санъатининг нафақат Ўзбекистонда ўрганилишига туртки бўлди, балки ушбу воқеа бутун дунё мутахассисларининг бу санъат турига нисбатан қизиқишини оширди, – дейди Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари доктори Ҳикматилло Дўсматов. – Бугунги кунда Марғилонда Мамасидиқ Шераев раҳбарлигида, Қўқонда Акромжон Анваров бошчилигида, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида Муҳиддин Султонов, Наманган вилоятининг Норин туманида Ғофуржон Мирзаев раҳбарлигида аскиячилик мактаблари фаолият юритмоқда.

Тарихчиларнинг маълумотига кўра, қадим замонлардан ривожланиб келган аския Амир Темур даврида янада равнақ топган. Соҳибқирон ҳам яхшигина аскиячи бўлган. Боязид эса чиройли аския қилган экан: “Дунё бир кўр билан бир чўлоққа қолганини қара”, деб. Навоий машҳур аскиячи Муҳаммад Бадахшини “аскиянинг пири” деб атаган.

XVIII-XIX асрларда аскиячилик Фарғона водийси (айниқса, Қўқон ва Марғилон) ва Тошкентда анча ривожланган. Деҳқон юзбоши Шерназаров (1860-1942) ва Саидаҳмад аскиячи (1880-1940) каби машҳур аскиячилар ўтган. Уларнинг анъаналарини XX асрнинг 40-йилларидан кейин Эрка қори Каримов, Мамаюсуф Тиллабоев, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Расул қори Мамадалиев, Ака Буҳор Зокиров ва бошқалар давом эттирди. 50-йиллардан аския кoнцерт дастурларига ҳам киритилди. Лутфихоним Саримсоқова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ғанижон Тошматов, Сойиб Хўжаев каби санъаткорлар аскияни театр саҳнасига олиб чиқди.

– Президентимизнинг бу қарори кўп минг йиллик миллий санъат турининг янада ривожланишига замин яратади. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида истеъдодли ёшларни рағбатлантириш, халқ оғзаки ижодининг янги қирраларини рўёбга чиқаришга имкон беради. Халқимиз азалдан аскияга, пайровга ишқибоз. Айниқса, Фарғона водийсида аския ва қизиқчилик қадимдан эъзозланиб келган, бу санъат намояндалари қадрланган, – дейди таниқли қизиқчи ва сўз устаси Абдураҳмон Сиддиқов. – Бугун ойнаи жаҳонда, ижтимоий тармоқларда бачкана, “яланғоч”, бир сўз билан айтганда, жамиятга ҳеч қандай наф бермайдиган, аксинча, ёшлар тарбияси, одоб-ахлоқига салбий таъсир кўрсатадиган чиқишлар билан одамларни кулдиришга уриниш одатга айланди. Афсуски, бу ҳақиқат. Ваҳоланки, қизиқчилик, аскиячилик, ҳажвчилик – бу беқиёс санъат, машаққатли ижод, тарбия воситаси. У орқали жамиятдаги муаммолар, иллатлар фош қилинади, кишиларнинг ибратли фазилатлари тараннум этилади. Кулги кечаси ёки аския базмидан томошабин маълум маънода маънавий-руҳий озуқа олиб чиқиб кетиши керак. Шу маънода мазкур қарор айни вақтида эълон қилинди, деб ўйлайман.

Водийдаги ҳар қандай тўй-сайиллар, ҳашар ва йиғинлар, зиёфатлар аскиясиз, ҳазил-мутойибасиз ўтмайди. Кўпчиликка танилмаган, лекин унча-мунча аскиячини йўлда қолдирадиган, ҳозиржавоб сўз усталари халқимиз орасида жуда кўп. Аслида, бировни кулдириш, одамларга хуш кайфият улашиш мураккаб ва машаққатли иш. Бунинг учун кенг дунёқараш, атрофлича билим керак. Одамларнинг кайфиятини, руҳиятини, “ичида нима гапи борлигини” билиш талаб этилади. Аниқроқ айтилса, миллий қизиқчилигимизнинг ўзаги – бор гапни очиқ-ойдин айтиб қўйиш эмас, кулгили нуқтани тингловчи-томошабиннинг ўзига қолдиришда. Ўхшатиш жоиз бўлса, данакни чақиш, унинг мағзини татиб кўриш, тасаввур қилиш эшитувчининг ихтиёрида. Аския ва қизиқчилик санъатини янада оммалаштириш бўйича чиқарилган ушбу қарор муҳим воқеа бўлди, дейиш мумкин. Бу ўзбек аскиячилик санъатининг халқаро миқёсда янада ёйилишига, ёшларни нозикфаҳм, сўзга чечан ва закий этиб камол топтиришга хизмат қилади.

Халқимизнинг сифатли маданий ҳордиқ чиқариши, миллий меросимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, ёшлар истеъдодларни кашф этиш учун мустаҳкам замин бўлади.

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА