АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатда Ғарбий соҳилда исроилликлар турар-жойлари кенгайиб кетаётганидан хавотир билдирди ва бир томонлама ҳаракатни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.

“Президент икки давлат ечимини қўллаб-қувватлаш ва Иордан дарёси ғарбий соҳилида хавфсизликни таъминлаш чорасини кўриш муҳимлигини таъкидлади. У аҳоли жойлари кенгайиши давом этаётганидан хавотир билдирди ва томонларни бундан буён бир томонлама ҳаракатдан тийилишга чақирди. Раҳбарлар имкон қадар тезроқ Акаба – Шарм аш-Шайх форматида учрашув ташкил этиш мақсадида минтақадаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашув ўтказишга келишиб олдилар”, дейилади баёнотда.

Суҳбат чоғида “Эронда ядро қуроли яратилишининг олдини олиш” масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ҳужжатда айтилишича, “томонлар Эрон амалларини жиловлашда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, мунтазам давом этаётган қўшма ҳарбий машқлар мавзусини муҳокама қилишди”.

Байден ва Нетаньяху телефон суҳбатини шарҳлаб, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашидаги стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби “Исроил Бош вазирининг Қўшма Штатларга сафари кузда бўлиши”ни маълум қилди.

Исроил ҳукумати матбуот хизмати хабарида Нетаньяху Байденнинг таклифини мамнуният билан қабул қилгани айтилган.

ЎзА