Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлади.

ЎзА мухбири ташриф олдидан Подшоҳликнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий билан суҳбатлашиб, ўзаро муносабатнинг жорий ҳолати, ўтган йилги ташриф натижаси, шунингдек, навбатдаги учрашувда муҳокама қилинажак масалаларга оид саволларига жавоб олди.

– Муҳтарам Юсуф ал-Утайбий, дастлаб Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолати, умуман, ҳамкорлигимизнинг бугунги кундаги устувор йўналишлари хусусида фикрингизни билмоқчи эдик…

– Саудия – Ўзбекистон муносабатларини ўзига хос, доғ тушмаган, деб таърифлаш мумкин. Алоқаларимиз мустаҳкам бўлиб, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромга қурилган. Бунда иккала мамлакатлар раҳбарлари интилишларини амалга ошириш йўлида алоқани ривожлантириш ва мустаҳкамлаш аҳамиятини идрок этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларининг мамлакатимизга амалга оширган ташрифидан кейин ўзаро алоқа сезиларли даражада ривожланаётганига шоҳид бўляпмиз. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида кўплаб битимлар ва англашув меморандумлари имзоланганди.

Бошқа томондан сўнгги икки йил ичида икки ёқлама алоқаларда сезиларли ютуқларга эришилди. 2021 йил 23 январда Бухоро шаҳрида ўтказилган ишбилармонлар форумидан кейин ҳамкорлигимиз, айниқса, иқтисодий шериклик тез суръатда ўсди.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталсак, ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ташрифлар асосида ўзаро ҳамкорлик кўлами кенгайганини кўрамиз. Бу даврда турли даражадаги ташрифлар, қатор соҳаларда йирик анжуманлар ташкил қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирларини муштарак қўллаб-қувватлаш истагини намоён этдилар.

– Саудияда “Нигоҳ-2030” Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани айни пайтда бутун дунё диққат марказида. Жумладан, Ўзбекистон ҳам ушбу ғояни юксак баҳолайди. Зеро, бизнинг мамлакатимизда ҳам жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси белгиланган, бундан хабардорсиз. Саволим шундай: “Нигоҳ – 2030” ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўртасидаги ўхшашлик ёки фарқ нималарда кўринади?

– Шубҳасиз, Подшоҳликнинг “Нигоҳ-2030” стратегияси ҳар томонлама ўзгаришлар қилиш, хусусан, иқтисодни ранг-баранглаштириш, ижтимоий ҳаётни яхшилаш, Подшоҳликда ҳаёт даражасини кўтариш мақсадида самарали давлат муассасалари барпо этишга қаратилган. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эса фуқаролик жамияти ривожланиши, иқтисодий тараққиёт, таълим, суд тизимини яхшилаш каби 7 йўналишни қамраб олади. Шу маънода “Нигоҳ-2030” ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўртасида кўплаб умумийликлар бор. Мамлакатларимиз аҳолиси биргаликда 70 миллиондан ошди. Шу нуқтаи назардан икки давлат раҳбарлари кўрсатмалари, ўзаро эътиборлари асосида халқларимиз фаровонлигини ошириш мақсадига йўналтирилган алоқалар мустаҳкамланаётгани, ривожланаётгани қувонарли. Муштарак манфаатлар йўлида қатор соҳалар бўйича шериклик даражаси юксалаётганини алоҳида қайд этган бўлардим. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат, маърифат, таълим ва бошқа соҳаларда музокаралар ўтказилмоқда. Буларнинг бари ишбилармонлар ўртасидаги алоқани кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга қаратилган истакни акс эттиради.

– Иқтисодий ҳамкорлик, айниқса, энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш йўлида самарали ишлар қилинмоқда. Бугунги кунда “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар қай даражада ўзини оқлаяпти? Кутилган дастлабки натижалар ҳақида гапирсак бўладими?

– Албатта, хусусий сектор инвестиция ва иқтисодий соҳаларда алоқани мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистонда кўплаб Саудия инвесторлари фаолият юритмоқда. Шулардан энг йириги “ACWA Power” ширкатининг юртингиздаги сармояси миқдори 7,5 миллиард долларга етди. Корхонанинг келажак режалари бисёр.

– Суҳбатимиз давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил август ойида Саудия Арабистонига тарихий давлат ташрифини ҳам эсга олсак, дегандим. Мана, орадан бир йил ўтди. Олий даражадаги музокаралар натижасида эришилган келишувлар қай даражада ҳаётга татбиқ этилмоқда? Ёдингизда бўлса, Президентимиз “Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун “кучли сигнал” бўлишига аминман”, деганди. Ушбу “сигнал”нинг самараси ҳақида нима дея оласиз?

– Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 августда Подшоҳликка амалга оширган тарихий ташрифи икки ёқлама алоқа ривожланиши ва мустаҳкамланишига улкан ҳисса қўшди. Ташриф мобайнида Жаноби олийлари Валиаҳд шаҳзода, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Ҳазрати Олийлари билан учрашди.

Мулоқот давомида икки қардош мамлакат дўстлигини турли соҳаларда ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди. Якунда кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, бир-бирларини мунтазам қўллаб-қувватлашга келишилди. Подшоҳлик Риёзда “Экспо-2030” ўтказилишини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон томони Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Яшил Саудия” ва “Яшил Яқин Шарқ” ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватламоқда.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудияга бу галги ташрифидан, икки томонлама музокаралардан қандай натижалар кутиляпти?

– Ўзбекистон раҳбари бу гал Подшоҳликка ташриф доирасида Кўрфаз – Марказий Осиё мамлакатлари саммитида иштирок этади. Мазкур стратегик мулоқот Кўрфаздаги араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва савдо соҳаларидаги муштарак тараққиётни таъминлаш учун муҳим аҳамият касб этишини англаш, мавжуд алоқаларни барча соҳаларда янада кенгайтириш истагига асосланади.

Мулоқотнинг “стратегик” хусусияти иштирокчи давлатлар раҳбарлари қарашини ҳам акс эттиради. Етакчилар яна бир муштарак платформа яратиш аҳамиятини идрок этадилар. Мазкур жараён турли соҳада ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни кўзда тутади.

Президентнинг Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан учрашувида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи кўриб чиқилади. Бундан ташқари, 2022 йил августдаги ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар ижроси юзасидан фикр алмашилади.

– Сўнгги саволимиз анъанавий: яқин келажакдаги режалар, икки дўст, биродар халқ ўртасидаги муштарак алоқалар истиқболига қисқача тўхталсангиз.

 Ҳар икки томон турли даражадаги ташрифлар чоғида имзоланган келишувлар бажарилишини кузатиб боряпти. Шунингдек, қатор соҳаларда янги битимлар имзолаш бўйича мунтазам музокаралар ўтказиляпти, алоқани ривожлантиришга туртки бериш мақсадида масъуллар ўртасидаги муносабатда изчилликни таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти ўзаро алоқалар ривожида беқиёс ўрин тутади. Мазкур комиссияга Саудия томонидан инвестициялар вазири Холид бин Абдулазиз ал-Фалиҳ, Ўзбекистон томонидан инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раҳбарлик қилмоқда. Ёдимизда, сўнгги давра 2022 йил мартда ўтказилган эди. Ҳозир ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 6-даврасини жорий йил охирги чоракда ўтказиш устида иш олиб бориляпти.

Саудия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши фаоллигини ҳам таъкидлаш жоиз. Шу ўринда ҳукуматлараро қўшма комиссия ва ишбилармонлар кенгаши давлат ҳамда хусусий секторга дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш, қийинчиликларни енгиб ўтишда кўмакчи бўлаётгани эътирофга лойиқ. Раҳбарларимиз қўллаб-қувватлови туфайли келгусида қардош халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган сармоявий лойиҳалар янада кўпаяди, деган умиддамиз.

Сўзим охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолиги остида 2016 йил декабрдан буён амалга оширилаётган муваффақиятли ислоҳотларни яна бир бор эътироф қилмоқчи эдим. Жаноби олийлари Подшоҳлик билан алоқани ривожлантириш мақсадида жуда фаол ишлаётгани аён. Қисқаси, мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида кейинги икки йил ичида қилинган ишлар аввалги 20 йилдагидан салмоқли.

– Ҳурматли, Юсуф ал-Утайбий элчи жаноблари, Президент ташрифи олдидан қизиқарли ва муҳим маълумотларни тақдим этганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. 

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.