Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги устувор масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бўлиб ўтган президентлик сайловида 87,05 фоиз овоз билан халқимиз ишончи ва меҳрига сазовор бўлган Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Президентлик лавозимига киришиш олдидан тантанали қасамёд қабул қилди. Мазкур маросимда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, Ўзбекистон учун келгуси йиллар сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлишини таъкидлади.

Хусусан, маҳалла тизими барча ислоҳотларда марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантирилади. Тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратилиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш эътибор марказида бўлади. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар янги босқичга олиб чиқилади.

Шунингдек, Президентимиз ёшларни билимли, баркамол этиб вояга етказишга эътибор аввалгидан-да кучайишини, уларга яратилаётган имкониятлар янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Мажлисда депутатлар ва партия фаоллари фикр ва таклифларини билдирдилар.

Якунда янгиланган Конституциямиз, Президентимиз сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш, партиянинг қуйи бўйинлари ва фаоллари орасида семинарлар ташкил қилиш борасида аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

М.Комилова, ЎзА