Мисрнинг Искандария шаҳрида замонавий бешкураш бўйича ўсмирлар ўртасида якунига етган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар аъзоси юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Энг юқори натижани Самира Абзалова қўлга киритди. Саралашда тўртинчи натижа билан финалга йўл олган ҳамюртимиз барча босқичлар якунида 1166 очкога эга бўлган тарзда, 28-ўриндан жой олди.
Қиличбозликнинг йигитлар ўртасидаги финал босқичида қатнашган Аслиддин Бахтиёров томошабинлар сафидан жой олишга мажбур бўлди. Терма жамоамиз аъзоси Кира Цойнинг саралашда тўплаган баллари эса финал босқичи учун етарли бўлмади.
Айтиш лозим, ҳамюртларимиз ушбу спорт туридаги расмий мусобақаларда энди-энди иштирок этиб келмоқда. Шундай бўлса-да, атлетларимиз «Токио-2020» Олимпия ўйинларида дебют қилишган эди.
Эслатиб ўтамиз, замонавий бешкурашчиларимиз айни пайтда «Париж-2024» Олимпиадасига йўлланма берувчи «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда. Мисрдаги мусобақалар эса тўрт йиллик ўйинларга тайёргарлик вазифасини ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА