Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига саноқли кунлар қолди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, 2023 йил 13 июль 18:00 ҳолатида 2023-2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони — 504 минг 647 нафарни ташкил этмоқда.

Бу йилги қабул жараёнлари, имтиҳонларга тайёргарлик хусусида абитуриентларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Султонбек Кучаров, Тошкент шаҳри:

– Жорий йил умумтаълим мактабини тугатиб, журналистика соҳасига қизиқишим сабабли Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топширдим. Журналистика алоҳида иқтидор талаб этадиган соҳа бўлгани боис, танлаган йўналишим, яъни интернет журналистикаси бўйича ижодий имтиҳон ўтказилади. Шу сабабли ижодий-касбий имтиҳон топшираётган абитуриентлар фақат бир йўналиш танлаш имкониятига эга.

Ҳужжат топшириш жараёнида қийинчиликка дуч келмадим. Боиси расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан видео қўлланма тайёрланиб, аниқ тушунтирилган.

Албатта, ҳал қилувчи вазиятлар ҳиссиётлар билан тўла бўлади. Бу табиий ҳол. Имтиҳон жараёнида ҳаяжонланмасдан, тўғри жавоб бериш учун, ўзига бўлган ишонч, пухта тайёргарлик талаб этилади. Ота-онам ишончи, мақсадим йўлидаги интилиш матонат билан имтиҳон жараёнларига қатнашишга ва муносиб натижа кўрсатишга имкон беради.

Эъзоза Тоҳирова, Қашқадарё вилояти:

– Олий таълим муассасаларига кириш учун имтиҳон жараёни ҳар бир ёш ҳаётида муҳим палла. Чунки сиз катта ҳаётга яна бир қадам ташлайсиз ва бу келгусидаги ҳаётингизни белгилаб беради. Мен бешта олий таълим муассасасига ҳужжат топширдим. Онам педагогика соҳасида кўп йиллар ишлагани учун шу соҳага қизиқишим уйғонди ва келажакда шу йўналишда касбимнинг етук мутахассиси бўлишимга ишонаман.

Олий таълим муассасаларида ўқиш нафақат менинг, балки ота-онам ҳамда яқинларимнинг орзуси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ота-онам ёшлигимдан чуқур билим олишга ўргатди ва ундади. Аминманки, мен топширган олий ўқув юртларида рақобат анча кучли бўлади. Буни бошидан ўтказган абитуриентлар жуда яхши билишади. Ўқишга кириш ҳар бир абитуриентнинг мақсади десам адашмайман. “Сиз ўқишга қабул қилиндингиз” деган хабарни ўқиганимда барча қийинчиликлар унутилади.

Насиба Элибекова, ЎзА