Шу кунларда Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб турибди. Вазирлик мутахассислари Грузиянинг Миллий туризм администрацияси раҳбарияти билан учрашиб, хорижлик расмийга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд транспорт-логистика тўғрисида батафсил маълумотлар берди.
Томонлар 2023 йил сентабрда Грузия туроператорлари, ОAВ вакиллари, блогерлар иштирокида Ўзбекистоннинг туризм ташриф объектлари бўйлаб инфо-тур ҳамда B2B учрашувлари ташкил этиш бўйича келишиб олган. Шунингдек, диёримизда ички туризмни ташкил қилиш ва бу борада аниқ статистика юритиш бўйича тажриба алмашиниш белгиланди.
Миллий туризм администрацияси Грузия шаҳарларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида роуд-шоу ташкиллаштиришда амалий ёрдам кўрсатишини билдирган. Маълумот учун, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги – 6 ойда мамлакатимизга Грузиядан келган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда икки баробарга ортган.
ЎзА