Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Террорга қарши кураш қўмитаси ижрочи директори Наталья Герман билан учрашди.

Оқўрда хабар беришича, суҳбат аввалида давлат раҳбари БМТ делегациясига Остона шаҳрида бўлиб ўтган Хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Марказий Осиё форумидаги иштироки учун миннатдорлик билдирган.

– Сизнинг иштирокингиз ушбу форумни қўллаб-қувватлашнинг муҳим элементидир, – деган Тоқаев. – Ушбу анжуман кун тартибига қўйилган масалалар замонавий дунёда рўй бераётган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим.

Мамлакат етакчиси, шунингдек, юқори даражадаги халқаро тузилма фаолияти хусусида фикр билдирди. У Қозоғистон БМТ Низомига мутлақ содиқлигини, бошқа барча аъзо давлатлар ташкилот Низомида белгиланган тамойилларга сўзсиз риоя қилиши кераклигини таъкидлаган. Қайд этилишича, Қозоғистон учун БМТ муқобил бўлмаган универсал халқаро ташкилот.

Мулоқот давомида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, террорчилик таҳдидларига қарши курашиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Ҳамкоримиз – Казинформ ахборот беришича, БМТ вакиллари Қозоғистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, мамлакат БМТнинг терроризмга қарши кураш дастури етакчиларидан бири эканини маълум қилган.

ЎзА