Франция парламенти ҳарбий режалаштириш бўйича қонунни маъқуллади. Ҳужжатда ҳарбий харажатлар учун 2024 йилдан то 2030 йилгача 413 миллиард евро ажратиш кўзда тутилган. Ҳужжатни маъқуллаш бўйича якуний овоз бериш пайшанба куни мамлакат сенатида бўлиб ўтди.

Ҳужжат 2030 йилгача ўқ-дорилар захирасини тўлдириш учун 16 миллиард евро, учувчисиз ўзи учар қурилмалар харид қилиш учун 5 миллиард евро ҳамда разведка фаолияти учун 5 миллиард евро ажратилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, қонунда Rafale қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастурини узайтириш ҳам таъкидланган. 2027 йилдан бошлаб кейинги уч йил давомида 42 та жанговар самолёт ишлаб чиқарилади. Ҳукумат ушбу давр мобайнида 238 та Jaguar жанговар разведка машиналарини ишлаб чиқаришни ҳамда Griffon зирҳли техникалар сонини 1 минг 437 тагача етказишни таклиф этган.

Бундан ташқари, қонунда шахсий таркиб сони яқин етти йилда 275 минг кишига етказилиши белгиланган. Ҳужжат матнида армияни модернизациялаш, ҳарбий-космик кучларини ривожлантириш, инновация, киберхавфсизликни ва ахборот технологияларини кучайтиришга ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилган.