Ҳар қандай спорт турида ўтказиладиган жаҳон чемпионатлари нуфузи жиҳатдан Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган муҳим мусобақа саналади.
Айни кунларда пара енгил атлетика бўйича Париж мезбонлигида ўтаётган дунё биринчилиги тўрт йилликнинг нуфузли спорт форуми бўлган Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма тақдим этиши сабабли беллашувларнинг ҳар жиҳатдан қизиқарли ва муросасиз ўтишини таъминламоқда.
Шу маънода, мазкур жаҳон чемпионатида иштирокчи пара спортчилар сафи бу йил рекорд даражани ташкил этди. Дунёнинг турли давлатларидан 1206 нафар матонатли атлетлар совринли ўринлардан жой олишга ҳаракат қилаётгани, улар сафида юртимизнинг иродали пара спортчилари қатнашаётгани, ўз йўналишларида эътиборли ютуқларга эришаётгани натижаларда намоён бўлмоқда.
Жаҳон чемпионатининг беш кунлик натижалари бўйича сайёрамизнинг 102 мамлакат вакиллари орасида Хитой терма жамоаси медаллар жамғаришда биринчи, бразилиялик пара енгил атлетикачилар иккинчи ва ҳамюртларимиз эса учинчи поғонада бормоқда. Хитой вакиллари 10 та олтин, 6 та кумуш, 4 та бронза медалига эга чиққан бўлса, бразилияликлар 7 олтин, 5 та кумуш, 8 та бронза медалини қўлга киритди. Ҳамюртларимиз ҳисобида эса 4 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медали мавжуд.
Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг ирода ва матонат мактаби вакиллари мазкур дунё биринчилигида бугунгача «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинларининг 15 та йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Парижда давом этаётган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг бугун, 13 июль кунги мусобақаларида 3 нафар вакилимиз стартга чиқади.
Эркаклар ўртасида узунликка сакраш дастурида Омадбек Ҳасанов, ядро улоқтириш баҳсларида Шаҳбоз Ражабов ҳамда Жасур Хўжаев ўз омадини синаб кўради.
Жаҳон чемпионати баҳслари 18 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА