Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз муносиб натижаларни қайд этмоқда.

Эркаклар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш дастурида ҳамюртимиз Бобур Омонов 14 метр 73 см натижа билан олтин медални қўлга киритди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, вакилимиз ушбу натижаси орқали жаҳон чемпионати рекордини ҳам янгилади.

Шунингдек, Т12 классида узунликка сакраш дастурида иштирок этган пара атлетимиз Дониёр Салиев 7 метр 47 см натижа билан навбатдаги олтин медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди ва у ҳам жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Аёллар ўртасида F54 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Нурхон Қурбонова 7 метр 38 см натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу пара атлетларимиз «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни қўлга киритди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА