Мамлакатимиз пойтахти яна бир йирик спорт мусобақасига мезбонлик қилишга ҳозирланмоқда.

Марказий Осиё волейбол ассоциацияси ва Осиё волейбол конфедерациясининг 2023 йил календарь режасига асосан, жорий йилнинг 14-20 июль кунлари Тошкентда ёшлар ўртасида волейбол бўйича Марказий Осиё чемпионати ҳамда 20-30 июль кунлари 16 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Осиё чемпионати ўйинлари ташкил этилади.

Айни кунларда ушбу мусобақаларни юқори савияда ўтказиш, хорижий давлатлардан келадиган спорт жамоаларини муносиб кутиб олиш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш борасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамда манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Марказий Осиё чемпионатида 5 та мамлакат жамоалари, Осиё чемпионатида қитъанинг 20 та давлат терма жамоалари иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этган.

Бугунгача Марказий Осиё чемпионатида қатнашадиган Қозоғистон, Покистон, Эрон жамоалари пойтахтимизга етиб келган бўлса, Тожикистон жамоаси эртадан машғулотларга киришади. Мусобақалар пойтахтимиздаги “Саховат спорт сервис” ва “Универсал” спорт мажмуаларида ўтказилади.

Қитъа чемпионати баҳсларини ҳалқаро талаблар асосида ўтказиш масаласида барча жиҳатлар инобатга олинган ҳолда мажмуалар, жамоалар жойлашадиган меҳмонхоналар тайёр ҳолга келтирилди. Ҳозирда хориж спорт жамоалари, Марказий Осиё волейбол ассоциацияси ва Осиё волейбол конфедерацияси мутасаддилари, мутахассисларни кутиб олиш, жойлаштириш ишлари давом этмоқда. Техник комиссия йиғилишлари ташкил этиладиган ҳудудлар зарур воситалар билан жиҳозланди.

Осиё волейбол конфедерацияси халқаро стандартларга жавоб берадиган “GERFLOR SAS” сунъий қопламасини беғараз ёрдам сифатида Ўзбекистон волейбол федерациясига ажратмоқда.

Ёшлар ўртасида волейбол бўйича ўтказиладиган Марказий Осиё чемпионати ҳамда 16 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги қитъа чемпионати доирасида айни кунларда пойтахтимизда халқаро ҳакамлик семинари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон волейбол федерацияси маълумотига кўра, мазкур семинарда мамлакатимизнинг 30 нафарга яқин мутахассислари қатнашмоқда.

Бевосита мусобақалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, ёшлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионати ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилиб, унда Эрон, Қозоғистон, Покистон, Тожикистон ва мамлакатимиз волейбол жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боради.

Мусобақага ташланган қуръа натижасига кўра, юртимиз волейболчи қизлари илк баҳсни Тожикистон жамоаси билан, ўғил болалар эса Қозоғистон жамоасига қарши ўтказади. Мазкур ўйинлар 14 июль куни бўлиб ўтади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА