Самарқанд халқаро туризм марказида Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти хизматини янада ривожлантириш, “яшил шаҳар” доирасида жамоат транспортини ҳам технологик янгилаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Транспорт вазирлиги департаменти бошлиғи Руслан Рўзметов ҳамда Хитойнинг “Yutong bus” компаниясининг Марказий Осиё бўйича сотув бўлими бошлиғи Янг Ҳу сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари, истиқболдаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди.

– “Yutong bus” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар мамлакатимиз транспорт тармоғида самарали хизмат кўрсатмоқда, – дейди Транспорт вазирлиги департамент бошлиғи Руслан Рўзметов. – Дастлаб компания автобуслари туризм соҳасида фойдаланилган бўлса, бугунги кунга келиб жамоат транспортида ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида олиб келинган замонавий автобусларнинг 800 таси “Yutong bus” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Энг муҳими, ушбу автобусларнинг 300 таси электробус бўлиб, бугунги кунда катта шаҳарларда амалга оширилаётган “яшил шаҳар” режасига тўла жавоб беради. Ушбу транспорт воситаларининг ҳар томонлама қулайлиги боис Самарқанд шаҳрида ҳам жамоат транспортини ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотлар жараёнида йўналишлардаги автобусларни электробусларга алмаштириш кўзда тутилган. Шу асосда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда эълон қилинган лойиҳа тендерида “Yutong bus” компанияси ғолиб бўлди. Келишувга кўра, Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун жорий йилда 100 замонавий электробус етказиб берилиши белгиланган. Айни пайтгача 6 дона электробус келтирилган. Умуман, мазкур лойиҳа бўйича жами 350 дона электробус олиб келиниши кўзда тутилган бўлиб, қолган электробуслар шартномага мувофиқ, босқичма-босқич етказилади. “Yutong bus” билан ҳамкорлигимиз фақатгина шу билан чекланиб қолмайди. Ҳозирда Нукус ва Наманган шаҳарларида ҳам экологик тоза транспорт воситаларига ўтиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу шаҳарларда ҳам жамоат транспорти учун “Yutong bus” электробуслари жалб қилишини мўлжалланмоқда.

2012 йилдан мамлакатимиз транспорт тизимига кириб келган “Yutong bus” компанияси автобуслари қисқа вақт ичида республикамиздаги транспорт хизмати ва туризм соҳаси вакилларининг ишончини қозонди. Бугунги кунда ушбу соҳаларда “Yutong bus” автобусларидан кенг фойдаланилмоқда. Навоий вилоятидаги “Ҳунарманд” масъулияти чекланган жамияти шаҳарлараро ва туризм соҳасида транспорт хизматини ташкил қилиб, биринчилардан бўлиб “Yutong bus” компаниясининг биринчи авлод 12 метрли ZK6122H моделини харид қилган эди. Ушбу автобус бир миллион километрга яқин масофани босиб ўтиб, бугунги кунда ҳам катта таъмирларсиз хизмат кўрсатиб келмоқда.

– Транспорт хизматини бошлаган вақтимиз қайси автобусни харид қилиш ҳақида роса бош қотирган эдик, – дейди “Ҳунарманд” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳром Ойдинов. – Ўйлаб-ўйлаб “Yutong bus” автобусини танлагандик ва бугун ушбу танловимиз муваффақиятли чиққанидан мамнунмиз. Бу автобус сифатли ва мустаҳкам бўлиши билан бирга хавфсизлик талаблари ҳам жуда пухта ишланган. Шу боис, бугунги тақдимот маросимида компаниядан яна иккита автобус харид қилиш бўйича шартнома имзоладик. Мақсадимиз халқимизга сифатли ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатишдан иборат.

Тадбир давомида “Yutong bus” компанияси томонидан шаҳарлараро ва туристик хизматлар учун мўлжалланган янги авлод автобуслари тақдимоти ўтказилди.

– Ўзбекистон транспорт бозорида 10 йилдан бери фаолият юритиб келяпмиз, – дейди «Yutong bus» компаниясининг Марказий Осиё бўйича сотув бўлими бошлиғи Янг Ҳу. – Бу вақт оралиғида ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан самарали алоқаларни йўлга қўйдик. Ўзбекистонда жамоат транспортини ривожлантириш борасида бошланган янгиланишларда компания фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида компаниямизда ишлаб чиқарилган 300 электробус ва табиий газда ҳаракатланадиган 500 автобус аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Албатта, сифатли маҳсулотга талаб ортади. Биз ҳам айни шу мақсадда автобусларимизни замон талабларига мос тарзда такомиллаштириб бормоқдамиз. Бугун тақдим қилинган янги авлод автобуслари камхарж, чидамли, хавфсиз бўлганлиги боис ҳамкорларимизга маъқул келади, деб ўйлайман. Айни пайтда мамлакатда компаниямиз ишлаб чиқарган автобусларга техник хизмат кўрсатиш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Бу борада ҳам мақсадли режаларни амалга оширяпмиз. Ҳозирда компаниямизнинг 20 нафар малакали мутахассиси Ўзбекистонда автобусларимизга техник хизмат кўрсатмоқда. Самарқанд жамоат транспортида ҳам йирик лойиҳани амалга оширяпмиз. Бунинг учун, албатта, шу ерда техник хизмат кўрсатиш маркази ташкил қилиниши зарур. Шу мақсадда маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда бу бўйича амалий ишларни бошлаганмиз.

– Бугунги кунда Самарқанд шаҳрини “яшил шаҳар” тамойили асосида ривожлантириш кўзда тутилган бўлиб, шаҳардаги жамоат транспортини экологик хавфсиз транспорт воситасига ўтказиш ишларига киришилган, – дейди Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров. – Хусусан, ҳозирда шаҳар жамоат транспортида “Yutong bus” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 6 дона электробус ҳаракатланмоқда. Йил якунига қадар улар сони 100 тага етказилади ва шаҳар жамоат транспорти йўналишлари бўйича аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди. Режага кўра, “Самарқандйўловчитранс” давлат корхонаси томонидан яна 250 электробус харидини амалга ошириш ва шаҳардаги жамоат транспорти йўналишларига чиқарилиши белгиланган. Жамоат транспорти хизматини ривожлантириш борасида чора-тадбирлар фақатгина Самарқанд шаҳри билан чегараланмайди. Белгиланган лойиҳалар бўйича замонавий автобуслар ҳаракати барча туман ва шаҳарларда амалга оширилади.

Тадбир давомида янги моделларнинг техник имкониятлари, хизмат кўрсатиш, харидларни амалга ошириш бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА