Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Жамшидбек Одилов иштирок этди. Эксперт абитуриентларнинг қабулга оид энг муҳим саволларига жавоб берди.
— Ҳозирги кунгача қанча абитуриент олий ўқув юртига ҳужжат топширди? Энг юқори рейтингда қайси олий ўқув юртлари турибди?
— Барчамизга маълум 20 июндан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди. 11 июль санаси ҳолатига 390 минг нафарга яқин абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган.
Олий таълим муассасалари кесимида 1-ўринда Ўзбекистон Миллий университети турибди. 15 мингдан зиёд абитуриент мазкур олий таълим муассасасини биринчи ОТМ сифатида танлаган. Кейинги ўринларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетлари эгаллаб турибди.
Барчамизга маълумки, абитуриентлар рўйхатдан ўтишда бештагача таълим йўналишларини танлашлари мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, агар биз бешта йўналиш бўйича ҳам маълумотларни оладиган бўлсак, ушбу статистика ўзгариб кетади. Шунинг учун кўрсаткичларни ҳар доим биринчи йўналишга нисбатан оламиз.
— Қайси фанлардан миллий сертификат олса бўлади?
— Миллий сертификатни икки тоифага ажратиш мумкин. Чет тилидан миллий сертификат ва умумтаълим фанларидан миллий сертификат. Кўпчилик абитуриентлар чет тилидан миллий сертификатни CEFR ёки “Multi-Label Classification” деб айтишга ўрганиб қолишган. Яъни, халқ тилида шундай ном билан тарқалган.
Чет тилидан миллий сертификат имтиҳонларида абитуриентларимиз B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлса, олий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган максимал балл олишлари мумкин. Яъни, улар чет тилидан имтиҳон топширмайди. Агар чет тили биринчи фан бўладиган бўлса, 93 балл, иккинчи фан бўладиган бўлса 63 балл тақдим этилади.
Чет тилидан миллий сертификат имтиҳонлари 14 та тилда ўтказилади. Имтиҳонлар йил давомида барча ҳудудларда ташкил этилади. Демак, абитуриентларимиз ўзини тайёр деб билган вақтда мазкур имтиҳонда қатнашиб, олдиндан балл йиғиб қўйиши мумкин.
Умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари 2021 йилдан бошлаб ўтказиб келинади. Ҳозирда бизда 9 та фандан бу имтиҳонлар мавжуд. Булур она тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти, физика, математика, кимё, биология, тарих ҳамда география фанлари. Ушбу 9 та фандан бўладиган имтиҳонларда абитуриентларимиз қатнашиб, сертификат олиб, олий таълимга киришда фойдаланишлари мумкин.
Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА