Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 3-11 июль кунлари Бирлашган Араб Амирлигининг Ал-Айн шаҳрида 80 мамлакатдан жами 310 нафар ўқувчи иштирок этган 34-Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик 3 нафар ўқувчи бронза медалини қўлга киритди.
Қайд этилишича, ғолиб ўқувчиларимиз Беҳруз Турсунов, Ғолибжон Шарифов, Муҳаммадиброҳим Эгамбердиевга 3-ўрин (бронза медаль) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (66 миллион сўм), устозига 150 баравар (49,5 миллион сўм) пул мукофотлари берилади.
Шунингдек, олтин медални қўлга киритган ўқувчиларга БҲМнинг 500 баравари (165 млн сўм), устозига 450 баравари (148,5 млн сўм), кумуш медаль учун — ўқувчи БҲМнинг 300 баравар миқдори (99 млн сўм), устозига 250 баравар (82,5 млн сўм) пул мукофотлари билан тақдирланади.
Бундан ташқари, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга имтиёз билан грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган тақдирда лавозим маошига 150 фоиз ҳар ойлик устама олади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА