Жорий йил давомида футбол бўйича мамлакатимиз терма жамоалари бир қатор мусобақаларда муносиб натижаларга эришди. Ёшлар терма жамоаси аъзолари Осиё кубогида ғолибликка эришиб, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон футболининг тафтини намойиш этди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ва терма жамоалар мураббийлари иштирокида ўтган учрашувда мазкур мусобақалар давомида мураббийлар, мутахассислар ҳамда соҳа вакиллари тўплаган тажриба ёш мураббийларга ўргатилиб, ўзаро фикр алмашилди, келгуси режалар муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган йиғилишда мутасаддилар терма жамоаларни ривожлантириш бўйича ёндашув ўзгарганини, мураббийларимиз биргаликда ишлаш, ягона футбол фалсафасини сингдириш, футбол менталитетидан келиб чиқиб асосий йўналишларни белгилаб олишлари кераклиги айтиб ўтилди.

— Охирги йилларда терма жамоаларимиз фаолиятини тўғри ва тизимли ташкиллаштириш юзасидан катта қадамлар ташланди. Бироқ, биз ҳали йўлнинг бошидамиз. Олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ҳар бир мусобақадан сўнг мураббийлар ўтган ўйинларни ўзаро таҳлил қилишлари, олинган тажрибани ўртоқлашишлари, рақиб жамоалар ва уларнинг ўйин услублари ҳақида фикр алмашишлари керак. Режалар муҳокама қилиниб борилса, ягона мақсад сари ҳамжиҳат ишланса, сифат янада яхшиланади, — дейди ЎФА раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов.

Мулоқот давомида футбол мутахассислари, мураббийлар юртимизда иқтидорли футболчилар кўплиги, уларни кашф қилиш эса энг муҳим вазифа эканлиги, терма жамоа мураббийлари академия мураббийлари билан алоқа ўрнатган ҳолда болаларнинг ривожланиш ва ўсиш кўрсаткичларини мониторинг қилиб боришлари кераклигини билдиришди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси ўринбосари Одил Аҳмедов, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров, ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев футболни алдаб бўлмаслигини, барча ўз ишига сидқидилдан ёндашиш лозимлигини, ёш футболчиларда лидерлик салоҳиятини шакллантириш, уларни психологик тайёрлаш, муҳим ўйинларда ҳис-туйғуларни назорат қилиш бўйича биргаликда ишлаш борасида фикрларини билдирди.

Йиғилиш якунида мураббий ва мутахассислар томонидан олдинда турган мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш режаси ишлаб чиқилиб, барча ёш тоифасидаги жамоалар учун татбиқ этиш таклифи илгари сурилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА