Руминиянинг Клуж-Напока шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қизиқарли беллашувлар якунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Анастасия Сарансева ҳалқа, Мишель Нестерова тасмадаги машқларда шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ҳалқа машқларида биринчи ва иккинчи ўринлар Исроил ва Руминия вакилларига насиб этган бўлса, тасма мусобақасида польшалик ҳамда болгариялик гимнастикачи қизлар олтин ва кумуш медалли бўлди.
Эътиборли жиҳати, мазкур натижа бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида ўзбекистонлик спортчиларнинг илк ютуғи бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА