Қарор ва ижро

Тиббиёт соҳаси экспертлари инсонда руҳий саломатлик бўлмаса тўлақонли жисмоний соғлом бўлиш имконсизлигини таъкидлашади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса руҳий саломатлик бирламчи тиббий ёрдамнинг муҳим қисми бўлиши лозимлигини кўп бора эслатади.

Коронавирус пандемиясининг дастлабки йилида инсонларда депрессия ва безовталик йигирма беш фоизга ошган. Бу дунёда тиббиёт соҳасидаги оғриқли масаланинг янада чуқурлашишига олиб келди. Соғлиқни сақлаш йўналишидаги халқаро ташкилотлар бу борадаги хатарларни камайтириш, ҳимоя чораларини ошириш учун қатор тавсияларни беради.

Улар, аввало, руҳий саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлайди. Шунингдек, руҳиятдаги хасталикдан азият чекаётганларга ғамхўрлик қилувчиларни рағбатлантириш кераклиги уқтирилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, руҳий саломатликка эҳтиёж юқори бўлишига қарамай, кўплаб мамлакатларнинг тиббиёт соҳасида кўрилаётган чоралари етарли эмас.

Рақамлар жаҳонда ҳар саккиз кишидан бири руҳий касалликдан азият чекишини кўрсатади. Бу статистика нега юқори деган савол туғилади. Жавоб ҳанузгача кўп давлатларда расмий руҳий саломатлик хизматлари марказлари умуман мавжуд эмаслигида яққол кўринади. Оқибатда баъзи жойларда руҳий саломатлигида муаммоси борлар ҳеч кимдан кўмак сўрамасдан касаллик билан яшашда давом этмоқда.

Инсон руҳий саломатлигини сақлаш борасида дунёда мавжуд муаммолар ҳақида қисқача тўхталдик. Хўш, бу мавзуда гап борганда, Ўзбекистонда вазият қандай?

Мамлакатимизда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати тегишли тартибда йўлга қўйилган. Юртимизда деярли саккиз минг ўринга эга 27 та психиатрия муассасаси фаолият олиб бормоқда. 225 минг нафардан ортиқ шахс диспансер ҳисобида туради.

Эътиборлиси, бугунги кунда бу борадаги ишларни такомиллаштириш янги босқичга кўтарилди. Психиатрия соҳасида ягона бошқарув тизимини жорий этишга киришилди.

Руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш, даволаш сифатини ошириш механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Тегишли вазирлик ва идораларга соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари бошланди.

Тиббиётнинг юқорида саналган кенг кўламли ислоҳотлар структураси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 19 июнда имзоланган “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилди.

– Қарорда психиатрия ёрдамини кўрсатиш хизматининг ягона вертикал бошқарув тизимини йўлга қўйиш белгиланган, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Улуғбек Алимов. – Шу мақсадда 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази сифатида қайта ташкил этилди. Марказ ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди. Ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактаб шакллантирилади. Марказ, шунингдек, руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Ҳудудлардаги руҳий ва наркология касалликлари шифохоналари ва диспансерлари марказнинг ҳудудий ташкилий-методик бўлинмалари ҳисобланади. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база сифатида фаолият юритади. Бу тиббиётимизда катта иш бўлаётганини англатади.

Қарор билан 2023 йил 1 августидан соғлиқни сақлаш тизимининг амалдаги штатлари доирасида 208 та туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий психолог фаолият бошлайди.

Шунингдек, стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида суицидологлар фаолият бошлайди. Стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.

– Кўпчилик руҳий касалликлар диспансерларига мурожаат қилишга тортинишади, – дейди Тошкент шаҳридаги руҳий-асаб касалликлари диспансери бош шифокори Раъно Шукриллаева. – Уларнинг назарида бундай муассасаларга фақат руҳий касалликка чалинганлар келади деган қараш бор. Бирламчи бўғинда психиатр, тиббий психолог ўринларининг ташкил этилиши мана шундай муаммоларнинг бартараф этилишига сабаб бўлади. Бу жараёнда, албатта, касалликка эрта ташхис қўйиш имкони юзага келади. Дардни қанча эрта аниқласак уни даволаш ҳам шунча осон бўлишини барчамиз яхши биламиз. Руҳий муаммолари бор беморлар ўз вақтида ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтирилади. Яъни бир мақсад, тиббий психологлар мактаб ўқувчилари, вояга етмаганлар ўртасида турли хил психологик муаммоли ҳолатларни аниқлашга ҳаракат қилади. Депрессия ҳолатидаги ёшларга ўз вақтида малакали психологик кўмак берилади.

Қарорда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир қатор вазифаларни бажариши кўрсатилган. Хусусан, махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатларини умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб дастуридаги мавжуд фанлар доирасида йўлга қўйиш белгиланди.

Амбулатория шароитида даволаниш учун руҳий ҳолати бузилган шахсларни имтиёзли асосда 15 турдаги дори воситалари билан таъминлашга жорий йилда қўшимча 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.

– Руҳий касалликларга чалинган беморлар шифохонада даволаниб чиққандан кейин узоқ вақт амбулатор шароитда тегишли психотроп дориларни қабул қилишлари керак, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги консультанти Булат Чимбаев. – Бундай муолажа қилинмаса даволаниш охирига етмаган бўлади. Бемор яна шифохонага тушиши эҳтимоли ортади. Шу мақсадда давлат томонидан етарли маблағ ажратилиши кўзда тутилгани қувонарли. Ажратилган маблағ йил якунигача дорилар учун етарли эҳтиёжни қоплайди. Қарорда келгуси йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан зарур маблағлар ажратиш назарда тутилди.

Шунингдек, охирги икки йилда тегишли жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 40 нафар соҳа мутахассиси нуфузли хорижий тиббиёт муассасаларига малака ошириш учун юборилади.

Бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида 2023 йил якунига қадар муҳим вазифаларни назарда тутувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг руҳий ҳолат бузилишларида ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури амалиётга жорий қилинади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўлами ҳар жиҳатдан кенгаяётгани, халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш чоралари кўрилаётгани эътиборли.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири