Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси вакиллари иштирокида ҳам матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, 27 нафардан иборат миссия вакиллари юртимизда бўлиб ўтган президентлик сайловида иштирок этиб, жараёнларни бевосита кузатиб бориш имконига эга бўлди. Жумладан, кузатувчилар 7-9 июль кунлари 40 дан ортиқ сайлов участкаларида бўлиб, сайловчилар, участка сайлов комиссияси аъзолари билан эркин суҳбат ўтказишди.
Миссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишларига юқори баҳо берилди. Бунда сайлов комиссияларининг фаолияти, жараёнлардан фуқароларнинг хабардорлигини ошириш, ОАВнинг иштирокини таъминлаш борасидаги ишлар эътиборга молик.
Миссия кузатувчилари сайловда фуқароларнинг фаол қатнашгани, сайлов комиссиялари томонидан юқори тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлишганини эътироф этди. Шунингдек, сайлов жараёнида эътирозлар, ноқонуний ҳолатлар кузатилмагани, қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилмаганини таъкидлади.
Кузатувчилар миссияси вакиллари қайд этганидек, ушбу сайлов Ўзбекистон сайлов қонунчилигига ва халқаро сайлов талабларига мувофиқ ўтказилди. Шунингдек, сайлов жараёнлари очиқ ва шаффоф тарзда ўтди. Кузатувчилар Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар илгарилаганини алоҳида қайд этди.
ШҲТ кузатувчилари сайлов участкалари хусусида тўхталар экан, кутилмаган сайлов участкаларига ҳам боришгани ва халқаро кузатувчилар кутилган сайлов участкалари билан улар орасида ҳеч қандай фарқ йўқлигини таъкидлади.
Матбуот анжуманида ШҲТ миссияси вакиллари томонидан ушбу сайлов Ўзбекистон келажагини белгилаб бергани, олиб борилаётган ислоҳотлар яна бир қадам олдинга силжишига хизмат қилиши эътироф этилди.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА