Бу икки ҳуқуқбузарлик бир-бирига сиртдан ўхшаб кетади. Аммо улар алоҳида жиноят бўлиб, ўзининг таркиби, хусусиятлари ва ижтимоий хавфлилиги билан бир-биридан фарқ қилади.

Товламачилик деганда шахсни турли хил йўллар билан қўрқитиб, унинг мулкини, мулкий ҳуқуқларни топширишни ёки мулкий тусдаги хатти-ҳаракатни амалга оширишни талаб қилиши тушунилади. Товламачиликни содир этишда қўрқитиш турли усулларда амалга оширилиши мумкин. Товламачиликда жабрланувчи томонидан мулк ёки мулкий ҳуқуқлар топширилиши шарт эмас. Товламачи томонидан мулкни топширишни талаб қилинишининг ўзи жиноят тугалланганини англатади.

Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки унинг мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, фирибгарликда фирибгар ўзганинг мол-мулкини текинга эгаллаш учун ёлғон ишлатади, алдайди, иккинчи томоннинг ишончини поймол қилади.  Бунда сиртдан қараганда жабрланувчи фирибгарга ўз мулкини “ихтиёрий равишда” топшираётганга ўхшайди. Чунки жабрланувчи алданади, у фирибгарни ёлғон ишлатаётганини сезмайди. Шунинг учун ўз мулкини ёки мулкий ҳуқуқларини тазйиқсиз, қўрқитишсиз, ўз хоҳишига кўра топширади.

Фарқ нимада дейсизми? 

Бу икки ҳуқуқбузарлик бир биридан, асосан, қилмишнинг содир этиш усули билан фарқланади. Товламачиликда жиноятнинг содир этиш усули қўрқитиш ҳисобланади, фирибгарликда ундай эмас. Фирибгарликда жабрланувчи ўз мулкини мажбурликдан бошқа шахсга топширмайди, ўзи хоҳлаб топширади. Жабрланувчига тазйиқ ўтказилмайди. Товламачиликнинг ижтимоий хавфлилиги фирибгарликдан юқори. Фирибгарлик ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кирса, товламачилик унча оғир бўлмаган жиноятлардандир.

Жавобгарлик қандай?  

  • Товламачилик учун, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилиши мумкин.  
  • Фирибгарлик учун эса, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.

 

М.Турдалиева, А.Содиқов ЎзА