Маълумки, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2022 йил 21-22 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги Шартнома (Давлатлараро шартнома) имзоланди. Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш жараёни 2004-2022 йиллар давомида бажарилди. Давлатлараро шартномага кўра, Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасининг демаркация чизиғининг умумий узунлиги 2356,666 км.ни ташкил этади. Ушбу Давлатлараро шартнома Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуни 18-моддасига асосан ратификация қилинди.
Кадастр агентлиги директори ўринбосари Тўлқин Абдуллаев ЎзА мухбирига демаркация жараёнлари, Давлатлараро шартнома моҳияти хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Мазкур Давлатлараро шартнома кириш қисм, 9 та модда, якуний қисм ва 6 та иловадан иборат. Яъни, Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегараси чизиғининг умумий узунлиги 2356,666 км ўтиши ва шу узунликда чегара белгиларининг жойлашуви туширилган 1:25 000 ва 1:100 000 масштабли 81 варақдан иборат демаркация харитаси, чегара чизиғига ўрнатилган 1672 та чегара устунлари баённомалари ҳамда уларни координата ва баландлик каталоги, иккиталик ва учталик чегара белгиларини ўзаро жойлашганлик схемалари, шунингдек, Келес ва Сирдарё дарёларида жойлашган оролларнинг жойлашуви бўйича жадвалдан иборат. Давлатлараро шартнома Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси чегаралари туташ нуқтасидан бошланиб, Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон чегаралари туташ нуқтасида тугайдиган икки давлат ўртасидаги Давлат чегара чизиғининг ўтишини тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
2001 йил 16 ноябрда имзоланган Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қозоғистон- Ўзбекистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома ва 2002 йил 9 сентябрда имзоланган Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномага таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш жараёнлари бошланган. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Давлат чегараси чизиғи ўтиши ва чегара белгиларининг жойлашуви Ўзбекистон-Қозоғистон Қўшма демаркация комиссиясининг 2004-2022 йиллар давомида бўлиб ўтган 100 та музокара ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон Қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг 34 та мажлис баённомалари акс эттирилган келишувлар ҳамда демаркация қилиш ишларининг якуний ҳужжатлари асосида тузилган. Давлат чегара чизиғига ўрнатилган жами 1672 та чегара устунидан 868 та асосий, улардан 431 таси Ўзбекистон томонидан, 437 таси Қозоғистон томонидан, 804 та оралиқ чегара устуни, улардан 376 таси Ўзбекистон томонидан, 428 таси Қозоғистон томонидан ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Давлат чегара чизиғи бўйлаб жами 1 минг 301 та чегара белгилари ўрнатилган. Улардан 1052 та чегара белгиси қуруқликдаги давлат чегара чизиғида ўрнатилган битталик чегара устунидан ташкил топган. 127 та чегара белгиси чегара дарёлари, каналлар қирғоқлари ва йўлларнинг четларида ўрнатилган иккита чегара устунидан ташкил топган. 122 та чегара белгиси ички ва чегаравий дарёлар ва каналларнинг туташиш жойларида ҳамда давлат чегарасининг сув ҳавзаси ва қуруқликдаги чизиғи ўзгарадиган жойларда ўрнатилган учта чегара устунидан ташкил топган. Демаркация жараёнида давлат чегара чизиғининг Келес дарёсидан ўтадиган қисмида, бундан ташқари, Сирдарё дарёсининг Қозоғистон Республикаси билан чегарадош 20 километр қисмида ҳам топографик ишлар бажарилди ва бу бўйича аниқ тўхтамга келинди, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларига ўрнатилган жами 249 та иккиталик ва учталик чегара устунлари жойлашган ҳудудда топографик съёмка ишлари бажарилди. Давлат чегара чизиғининг бошланғич нуқтаси 2001 йил 15 июнда имзоланган Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги Битим билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳисобланади.
Давлат чегара чизиғининг якуний нуқтаси 2017 йил 10 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги Шартнома билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб, узоқ йиллар давомида бажарилган ишларнинг якуни бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 30 июнь “Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида Шартномани (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА