Юриспруденция соҳасининг вазифалари кенгайиб бормоқда. Чунки кун сайин янгидан-янги соҳалар, ҳал қилиниши ва ҳуқуқий тартибга солиниши керак бўлган долзарб масалалар вужудга келмоқда.

Шу билан бирга, юридик соҳа вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги вазифалари ҳам замонавийлашиб бормоқда.

Мазкур омилларни инобатга олган ҳолда ушбу ўзгаришларни ўрганиш, юридик соҳа ривожини халқаро ва миллий амалиётдан келиб чиқиб, малакали мутахассислар билан муҳокама қилиш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Тошкент давлат юридик университетида “Юридик касб ривожланишининг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди.

Халқаро анжуманда замонавий ҳуқуқшунослик амалиёти, юридик касб ривожланишининг замонавий тенденциялари, соҳадаги халқаро стандартлар, шунингдек, бугунги ва келажакдаги меҳнат бозори учун замонавий юридик кадрлар тайёрлаш ва бошқа соҳага доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Адлия вазири Акбар Тошқулов мамлакатимизда юридик касб ривожланишининг амалдаги ҳолати, соҳада амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга тўхталди. Замонавий юридик касб эгаларига қўйиладиган талаблар, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, давлат хизматлари, нотариус ва адвокатлар фаолиятига оид маълумотлар берилди. Юридик касб ривожланишининг келажакдаги истиқболлари хусусида фикрлар билдирилди.

White & Case ҳамкори Керолин Лемм бугунги замонавий дунёда юристлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ва ундаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш йўлларини мукаммал билиши кераклигини қайд этди. Сунъий интеллект юристларнинг ўрнини мукаммал боса олмаслиги, ўзгаришлар доимо бўлиб, юристлар ҳам уларга мос равишда ривожланиб бориши кераклигига оид фикрлар ўртага ташланди.

Анқара Йилдирим Боязид университети ректори Иброҳим Айдинли эса юридик касб ривожланишининг долзарб масалаларига эътибор қаратган ҳолда юристларнинг экология ҳуқуқи соҳасида ҳам вазифалари ортиб бораётгани ва бу борада ҳам замонавий ҳуқуқий тартибга солишга эҳтиёж борлигини қайд этиб ўтди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Бош котиби Кристоф Бернаскони ҳам бугунги глобаллашув даврида юридик касб эгаларининг фаолиятига баҳо берган ҳолда шиддатли ўзгариб бораётган замонда малакали юристлар ўзгарувчан ва мослашувчан – замон билан ҳамнафас бўлиши кераклигини таъкидлаган бўлса, Католика университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича профессори Мариа-Чиара Малагути юридик соҳани ривожлантириш учун доимо ҳамкорлик ва самарали мулоқотни ташкил этиш заруратини, соҳага халқаро тажрибаларни ҳар доим жалб этиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Иштирокчилар соҳа ривожининг долзарб масалаларига оид фикрлар билдирди, савол-жавоблар асосида мавзу чуқур муҳокама қилинди. Тадбир якунида соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш, ўзгаришлар ва янгиликларни юриспруденция соҳасига интеграция қилиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА