Малайзиянинг машҳур “The New Straits Times” кундалик газетасида “Ўзбекистон ташқи сиёсати тинчлик, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Нашрда жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараён, зиддиятлар, турли инқирозларга қарамай, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўлақонли иштирокчиси сифатида ўз миллий манфаатларини илгари суриб, тинчликсевар ташқи сиёсатни самарали амалга ошираётгани, янгиланган Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, жумладан, мамлакатимиз тинчликсевар ташқи сиёсати конституциявий асосини такомиллаштираётгани алоҳида таъкидланган.

“Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ҳамкорликка, ўзаро ёрдам, тинчлик ва тотувлик асосидаги дўстона муносабатни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга интилиши белгилаб қўйилган, – деб ёзади муаллиф. – Дарҳақиқат, ўзаро манфаатли муносабатни ривожлантиришга устувор аҳамият берилиши орқали минтақада сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди.

Мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда сезиларли муваффақиятлар қайд этилди, сувдан фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, чегарадан ўтиш, минтақавий миқёсда транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш каби мураккаб масалаларга ечим топилди. “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда, 2022 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи савдо айланмаси ҳажми 2016 йилга нисбатан 3 баробар ошиб, 7,5 миллиард долларни ташкил этди”, – деб ёзган муаллиф.

Нашрда қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни ва саъй-ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланганидек, ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қатор инфратузилмавий, маданий-гуманитар лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудуди орқали афғон халқига асосий халқаро гуманитар ёрдам етказиб бериш йўлга қўйилди.

“Дунё давлатлари, хусусан, Европа, Америка, Кавказ, Жануби-Шарқий Осиё минтақалари, Араб давлатлари, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва стратегик ҳамкорлик изчил ривожланмоқда”, – қайд этилади мақолада.

Материалда, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2022-2023 йилларда учта нуфузли халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида кўплаб тадбирлар муваффақиятли ташкил этилганига урғу берилган.

“Фаол ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ошириш баробарида Марказий Осиёни барқарор, улкан имкониятга эга жозибали минтақага айлантиришга хизмат қилмоқда», деб ёзган “The New Straits Times”.

 

ЎзА