Бугун Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Олий суд раиси ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаев ҳамда Бош прокуратура вакили иштирокида брифинглар бўлиб ўтди.

Мазкур брифингларда 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қонунийликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари Конституция ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талаблари асосида ташкиллаштирилиб, ўтказилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан, сайлов ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, сайлов ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар судларга келиб тушмаган.

Шунингдек, сайловга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Шу билан биргаликда, сайловни ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ёхуд сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмади.

Ушбу давр мобайнида фуқаролар томонидан сайлов ўтказувчи комиссияларга ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларига берилган жавобларидан норози бўлиб судларга ариза (шикоят) келтирилмаган. Фақатгина судга бир дона мурожаат келиб тушган бўлиб, у белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов иштирокидаги  брифингда ҳам сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилгани алоҳида қайд этилди. Прокуратура органларига келиб тушган мурожаатларга қонун талаблари асосида ҳуқуқий баҳо берилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА