Туркия ва АҚШ Президентлари Режеп Таййип Эрдоған ва Жо Байден кеча телефон орқали мулоқот чоғида Украина ва Швециянинг НАТОга аъзолиги, икки томонлама муносабат ва Америкадан “F-16” қирувчи самолётларини сотиб олиш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Туркия давлат раҳбари матбуоти хизмати хабар берди.

“Мулоқот чоғида Туркиянинг Европа Иттифоқига тўлиқ қўшилиши мавзуси ҳам кўтарилди, етакчилар НАТОнинг Вильнюс саммити доирасида учрашиб, икки томонлама ва минтақавий муносабатларни батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, Эрдоған Швеция НАТОга интилиши жараёнида терроризмга қарши кураш бўйича қонунчиликка ўзгариш киритиш орқали тўғри йўналишда муайян қадамлар қўйгани, бироқ Курдистон ишчи партияси тарафдорлари томонидан амалга оширилган ножўя қилиқлар туфайли бу саъй-ҳаракат йўққа чиққанини қайд этди. Зеро, улар мамлакатда эркин амаллар ўтказишда давом этишяпти.

“Президент, жумладан, Туркияга “F-16” етказиб бериш талабини Швециянинг НАТОга аъзолиги билан боғлаш ноўринлигини айтди”, дейилади ахборотда.

“TRT” телеканали хабарида Эрдоған ва Байден дон шартномаси атрофидаги вазиятни кўриб чиқишгани келтирилган.

АҚШ Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан баёнотига кўра, Байден “Туркияга “F-16” етказиб берилиши Америка манфаатига тўғри келади”, деган.

 

ЎзА