Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон етакчисини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, унга янги муваффақиятлар, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, муҳим инвестициявий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни янада илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.