Оролбўйининг энг чекка ҳудуди – Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 18 сайлов участкаси тузилган. 15 минг 128 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Улардан 146 нафари биринчи марта овоз бераётган бўлса, 272 нафари муддатидан олдин овоз берган.

Тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган 376-сайлов участкасида 825 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса, шундан ҳозиргача 735 нафари, яъни 89 фоизи овоз берди.

–Сайлов жараёнида иштирок этиш орқали фуқароларимиз мамлакатимиз тараққиёти ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга ўзларининг ҳиссасини қўшмоқда, – дейди сайлов участкаси раиси Саламат Наменов. – Овоз берувчилар учун барча шароит яратилган. Шунинг билан бирга, сайловда овоз бериш жараёнларини халқаро ташкилотларнинг ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг  вакиллари кузатиб бормоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА