Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловда иштирок этиш ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилиниши ва юзага келган низоларни тезкорлик билан адолатли ҳал этилишининг кафолатлангани сайлов натижаларининг қонунийлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Суд органлари сайлов жараёнига аралашмайди. Сайлов қонунчилиги бузилиши, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганида, яъни сайлов билан боғлиқ низолар вужудга келганида суд одил судлов фаолиятини амалга ошириб, ушбу жараёнда қатнашади.
Қайд этилганидек, мурожаатларнинг узлуксиз кўрилишини таъминлаш мақсадида маъмурий ва жиноят судлари судьялари орасида алоҳида навбатчилик ташкил этилган. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, сайлов жараёни билан боғлиқ низолар ҳамда ишларни ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқиш мақсадида Олий судда Ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳнинг фаолияти сайлов қонунчилиги билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишларининг судларга келиб тушиши ва кўриб чиқилиши юзасидан кунлик мониторингни йўлга қўйишга қаратилган.
Брифингда сайлов жараёнида судларга келиб тушган мурожаатлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ушбу давр мобайнида масалага доир бир дона мурожаат келиб тушган бўлиб, у белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Ҳудудлардан тақдим этилган ахборотларга кўра, жорий йил 9 июль соат 16:00 ҳолатига республика судларига муддатидан илгари Президент сайлови жараёнлари билан боғлиқ бошқа мурожаатлар келиб тушмаган.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА