Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида турли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирокида брифинглар ташкил этилмоқда. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумотлар тақдим этилмоқда.
Жумладан, ички ишлар вазири ўринбосари Б.Абдуллаев иштирокида бўлиб ўтган брифингда сайлов куни хавфсизликни таъминлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар тўғрисида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, республикамизнинг барча ҳудудларида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни хавфсизликни таъминлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида тезкор чоралар кўриш учун барча жойларда ички ишлар органлари, ёнғин ўчириш бўлинмалари ва тез тиббий ёрдам хизматларининг узлуксиз навбатчиликлари ташкил этилди.
Шунингдек, сайлов тадбирларига жалб этилган ходимлар билан йўриқномалар ўтказилиб, сайлов участкаси биноларида хавфсизликни таъминлашга жалб этилган ҳар бир ходимга – сайлов комиссиялари фаолиятига ва овоз бериш жараёнига аралашмаслик шарт эканлиги алоҳида тушунтирилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, сайлов ўтказиш тартибини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ва Жиноят кодексида жавобгарлик белгиланган. Масалан, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашиш ёки сайловга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш – маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Агар, шундай хатти-ҳаракатлар юз берса, республиканинг қайси ҳудудида бўлмасин ички ишлар органларида туну-кун ишлаётган “102” қисқа рақамли телефони орқали хабар бериш мумкин.
Бу йилги сайловда қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, шунингдек, илк бор янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда. Хусусан, бугун қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 34 минг 338 нафар шахслар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.
Марказий сайлов комиссияси томонидан 2023 йил 10 майда тасдиқланган Календарь режага кўра, сайловга 45 кун қолганда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги маҳкумларнинг овоз бериши учун жами 48 та сайлов участкалари ташкил этилди. Жазони ижро этиш муассасаларида 354 нафар ходимдан иборат участка сайлов комиссиялари таркиби тузилган.
Ўзбекистон Президентлигига қўйилган номзодларнинг сайловолди дастурларини жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга етказиш бўйича номзодларнинг ишончли вакиллари томонидан 272 маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилди. Мазкур сайлов жараёнларида кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга ва улар тўсиқсиз ичкарига қўйилмоқда.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА