Инсоннинг ички олами бир неча томлик энциклопедия. Биз қайси соҳада фаолият юритмайлик, ниятимиз фақат “кун ўтказиш” эмас, ўз “мен”имизни топишга ҳаракат қилиш бўлмоғи зарур. Мазкур ҳаракат режасида муваффақиятларга эришиш истаги ётади. Шу муваффақият чўққисига чиқиш учун кимгадир тақлид қилиш шартми?
Масалан, қайсидир ташкилот ёки компания танқидлар гирдобида қолиб, “синай” деб турганда, мақталаётган рақиб ташкилотга тақлид қила бошлайди. Ҳаттоки, омадли иш ғоясини ўғирлашдан ҳам тап тортмайди. Бунга биз бизнесда, ижодий мусобақаларда кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аммо касбий фаолиятда ҳеч кимга ўхшамаслик кўпинча омад келтиради. Қўпол бўлса-да, оддий ҳаётий намуна келтирсам. Цирк томошасида фил, йўлбарс, от сингари жонзотлар ақл бовар қилмас ҳаракатларни бажариб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўладилар. Аслида бу ўша ҳайвонларнинг ютуғи эмас, балки ҳайвон ўргатувчининг истеъдоди маҳсулидир. Содда қилиб айтганда, цирк томошаси ютуқларининг сири ҳайвонлар тақлидининг самараси, десак муболаға бўлмас.
Шу боис ҳам кўпгина руҳшунослар “шахсий ишингизда мақтовлар ёғилишини ҳохласангиз, ҳеч кимга ўхшаманг, ҳеч ким юрмаган йўлни танланг”, деб маслаҳат беришади. Яна бир гап: мутахассисларнинг таъкидлашларича, кишининг бармоқларидаги излар бошқа бировникига мутлақо ўхшамас экан.
Одам тақдири – ҳаёти қандай кечиши-ю, қанча умр кўриши ўзга бир одамники билан асло эгизак бўлмайди. Шундай экан, нега энди биз кимгадир ўхшашимиз керак? Саволга жавоб ўрнида доноларимизнинг қуйидаги ушбу сўзларини келтиришимиз мумкин: “Ҳавас қилгин, ҳасад қилмай, ўзингга ўхшаб яша!”
Ўткир Алимов, ЎзА