“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ўтказилган навбатдаги панель сессия “Барқарор иқтисодий тараққиёт: долзарб масалалар” мавзусига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, Сингапур халқаро ҳамкорлик ташкилоти ижрочи директори Конг Вай Мун, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича катта иқтисодчиси Пинар Яшар ва бошқалар хусусийлаштириш, рақамлаштириш, қолаверса, инфратузилма, тадбиркорлик ва инсон капиталини ривожлантириш, саноат трансформацияси ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашда рақобат сиёсатининг роли хусусида сўз юритди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий кўрсаткичлар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши йўлида муҳим устувор вазифалар белгилаб олган. Бу жараёнда бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳам ўрганилиб, миллий модель асосида ушбу мақсадлар амалга оширилади. Шунингдек, 2030 йилга қадар Ўзбекистонни “ўртадан юқори даромадли” мамлакатлар гуруҳига кириши учун муҳим ислоҳотлар татбиқ этилади, – деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, тадбирда иштирокчилар хусусийлаштириш ва инфратузилмани ривожлантиришнинг барқарор ўсишни таъминлаш, хусусийлаштириш жараёни ва мазкур йўналишда Польшанинг тажрибаси, ижтимоий соҳа инклюзивлигини оширишда давлат-хусусий шериклик механизмининг ўрни, Ўзбекистонда ДХШ механизмини кенг жорий этишнинг истиқболлари каби мавзуларда ҳам қизғин фикр мулоҳалар алмашди.
Конг Вай Мун иштирокчиларни Сингапурнинг рақамли давлат хизматларини кўрсатиш тажрибаси ва рақамли трансформация жараёни билан таништирди.
– Сингапур олдидаги нафақат мақсадлар ҳақида, балки бизда ҳам глобал муаммолар таъсир қилаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу пандемия, иқлим ўзгариши ва глобал иқтисодий инқирозлардир. Бундай инқирозлар иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилиши, балки уни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин. Масалан, озиқ-оқват, сув, энергия, ижтимоий хавфсизлик булар ҳаммаси – ушбу таъсир остида. Айнан шу соҳалар ҳукумат эътиборида бўлиши зарур, деб ҳисоблайман. Бу муаммолар ечимини топиш ва у соҳаларни ривожлантириш учун катта саъй-ҳаракатлар лозим. Албатта, биз шундай мураккаб масалаларни ҳал қилиш бўйича тажрибага эгамиз. Бу борада яхши бошқарув, инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларда чоралар кўрганмиз. Айтиш жоизки, бу борада Ўзбекистон жадал ислоҳотларни олиб бормоқда. Ўз навбатида, Сингапур инновация ва технологиялар йўналишларига катта эътибор қаратяпти ва 2030 йилгача бу соҳалардаги стратегияларимиз бор, – деди Сингапур халқаро ҳамкорлик ташкилоти ижрочи директори Конг Вай Мун.
Тадбирда Жаҳон банки мутахассислари томонидан барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ҳамкорлик ҳамда мазкур ташкилот билан биргаликда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ва уларнинг натижадорлиги эътироф этилди.
Муҳокама якунида иқлим ўзгаришига қарши курашиш шароитида инновацион иш ўринларини яратиш ва муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Насиба Зиёдуллаева ,ЎзА