Аввал хабар берилганидек, Тошкент шаҳрида 400 га яқин хорижий экспертлар иштирокида “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” шиори остида конференциялар ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” доирасида ташкил этилган “Ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш – барқарор ривожланиш гарови” панел сессияси айни тадбирлар сирасига киради.
Таниқли сиёсий таҳлилчи ва халқаро муносабатлар бўйича эксперт Жорж Айжан модераторлигида ўтган йиғилиш бугунги кунда ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланди.
2023 йил учун давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағ миқдорига жиддий эътибор қаратилди. Жорий йил таълим соҳаси харажатларига 58,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 триллион сўм, маданият соҳасига 2,5 триллион сўм, спорт соҳасига 2,3 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,8 триллион сўм йўналтириш белгилангани қайд этилди.
Тадбирда камбағалликни қисқартириш йўналишида белгилаб олинган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Масалан, маҳаллаларда профессионал ижтимоий ходимлар фаолиятини ва ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.
– Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” юритиш тартиби ишлаб чиқилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатишда манзилли чоралар амалга оширилади.
– Туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобиль гуруҳлар” фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни кўллаб-кувватлаш бўйича янги тизим яратилади.
– Ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи танлайдиган, давлат эса, фақат пулини тўлаб берадиган тизим жорий этилади.
– Ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш ҳамда уларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар бериш режалаштирилган.
Йиғилишда, шунингдек, Янги Ўзбекистонни – аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантиришга устувор аҳамият берилиши таъкидланди.
– Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, сифатли таълим олишини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш назарда тутилган.
– Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади.
Кексалар соғлиғини тиклаш, мазмунли дам олиши учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича махсус дастур қабул қилинади.
– Яъни, юртимиздаги 3 миллиондан зиёд нуронийларни ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниш, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш бўйича барча шароитлар яратилади.
– “Уч авлод учрашувлари”, “Оталар жасорати – ибрат намунаси”, “Ўнта ёшга – бир нуроний” ҳаракати каби маънавий-тарбиявий ишлар янада кучайтирилади.
Конференция иштирокчилари мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат изчил давом этишига ишонч билдирди.
– 3 миллион нафар ёшларнинг меҳнат қобилиятини ишга солиш орқали, уларни камбағалликдан олиб чиқишга мақсад қилинган. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид дастурлар камбағал аҳоли билан бирга даромади паст бўлган қатламни ҳам қамраб оладиган тизим яратилади.
– Тадбиркорларга “ижтимоий шериклик” асосида камбағал тоифа учун бандлик дастурларини амалга оширишда қўшимча имтиёз ва рағбатлар бериш, бунга ҳар йили камида 1 миллиард доллар йўналтириш мумкин.
Йиғилиш тақдимот ва маърузалар шаклида, таҳлилий, фикр-мунозарага бой тарзда якунига етди.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА