Адлия вазирлиги тизими ташкилотлари жойларда “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказишда давом этмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилди. Тарихий Оқсарой мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда 6 мингдан зиёд фуқаро иштирок этиб, кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммолари, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Шунингдек, 100 нафардан ортиқ фуқаронинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини аниқлаш бўйича сўров ўтказилди.
Оқсарой мажмуасида жойлаштирилган плакатлар ва тарқатилган буклетларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган маълумотлар содда ва тушунарли шаклларда намойиш этилди.
Мазкур учрашувлардан яна бири Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Ангор туманида вилоят Давлат хизматлари бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Унда Ангор туманидаги Чинобод, Қадимий Ангор маҳаллаларида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Ўзбекистон, Наврўз, Навбаҳор, Гулзор, Қорасув, Янги турмуш ҳамда Катта қум маҳаллаларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Қимматбаҳо совғалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида тумандаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди. Ана шундай учрашувлар доирасида бир нечта сайёр судлар ҳам бўлиб ўтди.
Сайёра Шоева, ЎзА