Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара Украина атрофидаги вазиятда Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

– Зиддиятнинг бошиданоқ биз Украина билан бирдамлигимизни сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик каби турли соҳаларда аниқ ёрдам кўрсатиш билан намойиш этдик, – деди Эрдоған Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокарадан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида. – Туркия низони музокара асосида тўхтатиш учун энг мақбул саъй-ҳаракатни амалга ошираётган давлатдир. Биз келишувга эришиш бўйича амалларни давом этамиз. Содир бўлаётган воқеаларга қарамай, Туркия ва Украина ўртасидаги дўстлик тўлиқ мустаҳкамланди. Ҳозир тугаган музокара ҳам мамлакатларимиз, ҳам минтақамиз ва халқаро ҳамжамият учун фойдали бўлишидан умидворман.

Эрдоған Украина НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқига эга, деган фикрни ҳам қўшиб ўтди.

“Биз ҳар доим Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз, Киев Шимолий Атлантика альянси аъзолигига лойиқ”, деди у.

Эрдоған маълум қилишича, кейинги ой Россия Президенти Владимир Путин Туркияга ташриф буюриши мумкин.

“Биз ҳам Украина, ҳам Россия билан тинчлик йўлида музокара олиб боришга тайёрмиз”, дея баёнотини якунлаган Туркия етакчиси.

Зеленский ўз навбатида Эрдоғанга Украина зиддиятида бераётган кўмаги, саъй-ҳаракати, уни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

ЎзА